"Газета.uz"нинг 19 июлда хабар беришича, Қорақалпоғистонда соат 13:45 лар атрофида интернет алоқаси пайдо бўлган. Бу ҳақда нашрга нукусликлар хабар берган.
“Telegram-каналларда cўнгги икки ҳафта ичида илк бор хабарлар пайдо бўла бошлади. Сайтлар ҳам яна янгилана бошлади”,-дейилади хабарда.
Айни пайтда нашр интернет вақтинча ёқилдими ёки доимий равишдами деган савол очиқ қолаётганини ёзди. Расмийлар ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.
“Дарё” нашри ҳам ўзининг Қорақалпоғистондаги мухбири Шуҳрат Саидаҳмадов Нукус ва туманларда интернет ишлай бошлаганини тасдиқлагани ҳақида ёзди.
1-2 июлдаги Нукус воқеаларидан сўнг Қорақалпоғистонда 3 июлдан фавқулодда ҳолат жорий этилган эди. Шу билан бир қаторда ҳудуд интернетдан узилиб қолганди.
Қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистондаги интернет чекловларини бекор қилишга чақирган эди.