Ўзбекистон президенти фармони билан Қорақалпоғистон ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолат режими юмшатилди.
Президент матбуот хизматининг 13 июлда билдиришича: “Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятнинг барқарорлашгани ва ҳудуд аҳолисининг одатдаги ҳаёт тартибига қайтаётганини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қорақалпоғистон ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини юмшатиш, яъни комендантлик соатининг амал қилиш вақтини соат 21 дан соат 7 га қадар ўрнига соат 23 дан соат 5 га қадар этиб белгилашга қарор қилинди”.
Президент матбуот хизмати Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги 2022 йил 2 июлдаги президент фармонига тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги фармон Шавкат Мирзиёев томонидан имзолангани ва Олий Мажлис палаталарига тасдиқлаш учун йўллангани тўғрисида билдирди.
Ўзбекистон расмийларига кўра, Нукусда 1-2 июль кунлари мамлакатнинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистоннинг “суверен” мақомини бекор қилиш таклифига қарши бошланган оммавий намойишлар чоғида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олингани маълум қилинган.
Мазкур воқеа ортидан Қорақалпоғистонда бир ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида Қорақалпоғистон комендатураси ташкил этилиб, унга Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони Рустам Жўраев Қорақалпоғистон ҳудуди коменданти этиб тайинланганди.