Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги қорақалпоқ диаспораси лидери Ниетбай Уразбаев 9 январда Олмаотадаги касалхоналардан бирида вафот этди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати марҳумнинг яқинларига таянган ҳолда хабар берди.
Қорақалпоқ диаспораси вакили Ақилбек Муратбайнинг айтишича, сўнгги йилларда Ниетбай Уразбаев Ўзбекистон махсус хизматлари ўғирлаб кетишидан қўрқиб, Ақтаудан Олмаотага кўчиб келган ва қизининг уйида яшаган.
"У қаттиқ стрессда эди. У касалхонага ҳам мурожаат қилишдан қўрқарди . Жума куни унинг аҳволи кесин ёмонлашди, тез ёрдам чақирдик. У икки кун реанимацияда сақланди, якшанба куни оддий палатага кўчирилган. У кардиология бўлимида ётган эди", - деди Муратбай.
Уразбаев Қорақалпоғистонда 2022 йил ёзида содир этилган тартибсизликларга алоқадорликда айбланиб Ўзбекистон суди томонидан сиртдан 12 йилга қамалган эди.
Муратбайнинг айтишича, сўнгги бир ярим йилдан бери Тошкент Уразбаевни қозоқ фуқаролигидан чиқариш ва Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кун тартибига қўйиб келган.
Ўзбекистон Манғистау вилоятида яшовчи қорақалпоқлар этномаданий маркази раиси Уразбаевани “Конституциявий тузумга тажовуз” айблови билан қидирувга бергани тўғрисида 2022 йил октябрида маълум қилинган эди. Уразбаев ўзига билдирилган айбловни рад этган.