Қорасувда ўқувчилар иштирокида террорчиликка қарши тадбир ўтказилди

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида 5 апрель куни мактаб ўқувчилари “Биз террорчиликка қаршимиз” шиори остида юришга чиқди. Тадбир шаҳар ҳокимлиги, туман Ички ишлар бўлими ва миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда уюштирилган.

Юришда Қорасувдаги олти мактабдан бир неча юз нафар ўқувчи иштирок этди. Расмийларга кўра, тадбирдан мақсад ёшларнинг турли радикал диний оқимларга қўшилишининг олдини олишдир.

- Ёшлар ташаббуси билан “Биз террорчиликка қаршимиз” деган шиор остида акция ўтказаяпмиз. Ундан мақсад ёшларнинг турмушда, уйда бўлаётган зўравонлик, ўз жонига қасд қилиш каби кўринишларга қарши эканини кўрсатишдир, - деди Қорасув шаҳри мэри Қутуғали Қўзубаев.

Акция иштирокчилари қўлларида қирғиз ҳамда рус тилларида “Келажак иймонли ёшлар қўлида”, “Бизга тинчлик керак”, “Биз террорчиликка қаршимиз” деб ёзилган плакатларни кўтариб олганди. Ўқувчилар вақти-вақти билан айни шиорларни қирғиз ва ўзбек тилларида ҳайқириб ўтдилар.

Қорасув туман Ички ишлар бўлими расмийси Руслан Ўмўшев сўнгги йилларда ўз идораси ёшлар орасида террорчиликка қарши ташвиқотни кучайтирганини айтади.

- Биз маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва қозиёт вакиллари билан биргаликда тушунтириш ишларини олиб бориб, 2016 йил сентябридан Сурияга кетганлар сонини кескин қисқартиришга эришдик. Ишонтириб айта оламизки, 2016 йилдан бери туманимиздан Сурияга кетган одамлар рўйхатга олинмади, - деди Руслан Ўмўшев.

Маълумотларга кўра, Қорасувдан жиҳод мақсадида Сурияга кетганлар сони 242 кишини ташкил қилади. Уларнинг 48 нафари ўсмир, 42 нафари аёллардир. Кетганларнинг 90 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади.