Умумтаълим мактабларининг синф хоналарида ҳарорат 18-20, спорт заллари ва устахоналарда 17-20, мактабгача тарбия муассасалари ва мактаб-интернатлар ётоқхоналарида эса 20-24 даража бўлиши керак. Мамлакат бош санитария врачи тасдиқлаган бу меъёр Озодлик боғланган баъзи мактабларда сақланаётгани маълум бўлди, бироқ мамлакатдаги умумий вазият яхши эмаслигини Энергетика вазирлиги тан олди.
Баъзи касалхоналар ходимларининг Озодликка айтишича, улар "ўзлари ҳам, касаллар ҳам совқотмаяпти", бироқ Озодликка келган видеохабардан энергия манбалари узилишидан беморлар ҳаёти хавф остида қолаётгани англашилади.
Озодликка 21 ноябрь куни Тошкент вилояти Тошкент тумани маркази Келес шаҳридаги туғруқхона ҳовлисида ёзиб олингани айтилган видео келди.
Қоронғида туғилган чақалоқлар
44 сонияли тунда олинган видеода видеокамера чироғи рўпарадаги бинони ёритиб туради. Кадр ортидаги эркак киши Келес туғруқхонасига (Тошкент тумани) келганини айтар экан, бино эшигига етиб боради ва ичкаридан чиққан аёлдан “Кеннойи, анчадан бери чироқ ўчганми, чақалоқлар қатта?”, деб сўрайди. Аёл, “Чақалоқлар мана шу ерда ётибди”, деб жавоб беради. Шундан сўнг кадр ортидаги эркак бино олдига “Тез ёрдам” машиналари ҳам келаётганини айтади. Қоронғуликда ёниб-ўчувчи кўк чироқлар кўринади, машина эшигининг очилиб, ёпилгани эшитилади.
Видео муаллифи воқеанинг қачон бўлганини хабар қилмаган.
Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозими Озодликка Келес туғруқхонасида чироқ ўчиб қолгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқлигинини айтиб, Тошкент туман тиббиёт бирлашмаси Туғруқ комплексининг ўзидан маълумот олишни тавсия қилди. Комплекс раҳбари Севара Мирсоатовна эса кун давомида қилинган қўнғироқларга жавоб бермади.
Мавзуга алоқадор Ўзбекистонда энергетик коллапс - бутун бошли туманлар электр ва газдан узилганича қолмоқдаКелесдаги туғруқхона электр таъминотидан узилиб қолганига оид видеохабар чироқсиз ва иссиқликсиз қолганларнинг шикоятлари бутун мамлакат бўйлаб кўпайиб кетган пайтда келди. Ҳаво ҳарорати кейинги кунларда кескин пасайиб кетгани туфайли аҳолининг маҳаллий раҳбарлардан газ ва электр талаб қилиб чиқишлари кузатилмоқда. Айни пайтда Озодлик боғланган баъзи касалхона ва мактабларда аҳвол нисбатан яхшилиги маълум бўлди.
Иссиқлик бор икки мактабдан бири
Тошкент вилояти Пскент туманидаги 79- мактаб-интернатда ақлий ва руҳий ривожланишдан ортда қолаётган 200 дан ортиқ бола ўқийди. Шу мактаб ўқитувчиси, 31 яшар Шерзод Розиқовнинг 24 ноябрда Озодликка билдиришича, интернатда ўқувчилар совқотиб қолаётгани йўқ. Синфда болалар битта кўйлакда ўтира оладими, деган саволга ўқитувчи “Битта кўйлакда ўтиришларига ўзимиз рухсат бермаймиз, чунки танаффусда ташқарига чиққанида шамоллаб қолишлари мумкин”, деди. Шерзод Розиқовнинг айтишича, у ишлаётган мактаб табиий газ билан иситилади.
"Касалхонамиз свет ўчганда совиб кетяпти"
Сурхондарё вилояти Ангор тумани Тез тиббий ёрдам касалхонасида ҳам, исми айтилишини истамаган ҳамширанинг айтишича, палаталар иссиқ:
“Фақат светда узилиш бўлган вақтда хоналар совиши мумкин, бошқа вақтда хоналар иссиқ”.
Ҳамширанинг айтишича, электр таъминотидаги узилиш деярли ҳар куни бўляпти: “Кундузида ҳам ҳар куни бир соат, ярим соатлаб ўчиб қолаяпти. Лекин хоналар совқотиб қоладиган даражада совиб кетмайди. Шахсан мен пальтосиз юра оламан касалхонада”.
Иссиқлик бор икки мактабдан яна бири
Фарғоналик блогер Баҳодир Элибоев Риштон туман марказидаги 6 та мактабдан бири – 1- мактабда ўқитувчилик қилади. У 24 ноябрда Озодликка ўзи ишлайдиган мактаб болалар совқотиб қолмайдиган даражада иситилаётганини билдирди. Баҳодир Озодлик илтимосига жавобан ўзи ишлайдиган кабинетдаги термометр суратини жўнатди. Унда симоб устуни +18 даражага кўтарилгани акс этган. Баҳодир Элибоевнинг айтишича, сурат синф болалардан бўшаганидан 1,5 – 2 соат ўтиб олинган: “Болалар синфдалигида ҳарорат бундан баландроқ бўлади”, - деди ўқитувчи.
Бош санитар врач талаби
Ўзбекистон Республикаси Бош санитар врачи С.С.Саидалиев 2016 йилнинг 22 декабрида тасдиқлаган “Умумтаълим мактабларида ўқитишни ташкил қилишга доир санитария-эпидемиологик талаблар”да (СанПиН № 0341-16) ҳаво ҳарорати синф хоналарида 18-20, спорт заллари ва устахоналарда 17-20, мактабгача тарбия муассасалари ва мактаб-интернатлар ётоқхоналарида 20-24 даража иссиқ бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган.
Озодлик 24 ноябрда суҳбатлашган икки мактаб ўқитувчиларининг айтишича, улар ишлаётган мактаблардаги иссиқлик режими СанПиН талабларига жавоб беради. Бутун мамалкат бўйича аҳвол қандай? Бу савол жавобини Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти билиши мумкин. Жамиятнинг Тошкентдаги бош офиси билан телефон алоқа тизими мураккаб бўлгани учун (оператор орқали) боғланиб бўлмади.
Мавзуга алоқадор Янги Ўзбекистоннинг эски трансформаторлари. Ҳокимлар газ ва электр муаммосини Озодликка изоҳладиСовқотаётганлар шикоятини эшитадиганларнинг ўзлари совқотмоқда
Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Сирдарё вилоят бошқармаси мулозимининг Озодликка билдиришича, бу йил совуқ тушганидан бери вилоят бўйлаб мактаб ва касалхоналар совуқлигидан биронта ҳам шикоят тушмаган. Бошқармангиз ўз ташаббуси билан текширув ўтказиши мумкинми, деган саволга бошқарма мулозими “Агар республикадан шундай топшириқ тушса, бажаришимиз мумкин”, деб жавоб берди.
Бу мулозим билан мулоқотдан у ишлайдиган бино яхши иситилмаётгани маълум бўлди. Сиз хонангизда пальтони ечиб қўйиб ишлай оласизми, деган саволга мулозим “Ҳа, пальтони ечиб қўйиб ишлайман, ўрнига курткамни кийиб оламан, хона совуқроқ”, деб жавоб берди.
Айни пайтда Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мулозимининг 23 ноябрь куни Озодликка айтишича,жорий йилнинг охирги 9 ойида аҳолидан тушган 6000 шикоятнинг 90 фоизи газ ва электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ.
Федерация вакилининг сўзларига кўра, ташкилот бу шикоятларни ҳудудий электр ва газ идораларига йўллаган ва аксар ҳоларда улар ижобий ҳал қилинган. Айни пайтда мулозим газ ва электр идоралари аҳоли билан таъминот орасида шартнома имзоламагани, шунинг учун уларни жавобгарликка тортиш имконсизлигини айтади.
Унинг сўзларига кўра, 1990-йиллар ўрталарида ишлаб чиқилган истеъмолчилар ҳуқуқларига доир қонунчилик "эскирган".
Вазир ўринбосари иқрори
Кейинги кунларда ҳаво кескин совиб кетиши ортидан аҳолидан тушаётган мурожаатларнинг “80 фоиздан ортиғи айнан электр энергияси ва газ” тақчиллигига оид эканлигини маҳаллий нашрлар ҳам қайд этмоқда. Улардан бири – kun.uz ўтган ҳафта охирида Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев билан суҳбат уюштирди. Вазир ўринбосари энергия манбалари таъминотини яхшилаш юзасидан қилинган ва қилинаётган ишлар ҳақида ҳисобот берар экан, ижтимоий соҳа объектларини энергия билан таъминлаш оқсаётганини тан олди:
“Куз-қиш мавсумида истеъмол ошиб кетиши натижасида биринчи навбатда газ билан таъминлаш лозим бўлган истеъмолчилар – аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари, яъни шифохоналар, мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактабларининг газ таъминотида узилишлар ёки босимнинг пасайиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда”.
Айни пайтда Хўжаев мамлакатда аҳоли эҳтиёжи учун етарли даражада электр энергияси ишлаб чиқарилмаётганини тан олган. Унинг сўзларига кўра, электр энергияси ҳажми ошмоқда, аммо истеъмолчи эҳтиёжларига ета олмаяпти. Мулозим аҳолини ҳудудий электр тармоқлари ходимларини "сўкмаслик"ка чақирган.
"Электр энергияси шундай маҳсулотки, уни сақлаб бўлмайди. Ишлаб чиқарилдими, дарҳол истеъмол қилиниши керак. Яъни биз уни қаердадир яшириб сақлаб қўя олмаймиз. Жайдари тил билан айтганда, “свет” ўчганда кўпчилик ҳудудий электр тармоқлари операторини сўкади. Аммо уларда айб йўқ, аслида йўқ нарсани улар топиб бера олишмайди".
Бунга қадар Энергетика вазирлиги энергия заҳиралари етарли эканини айтиб келган.