Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) жорий йил бошидан буён мамлакатда битта террор хуружининг олди олинганини маълум қилди. 26 нафар киши “террорчилик ва экстремистик фаолият учун” судланган. Худди шундай рақамни МХҚ раиси Ермек Сагимбаев ўтган ой охирида Оқўрдада берган ҳисоботида тақдим этган, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.
“Экстремизм ва террорчиликка алоқадор 151 нафар хорижлик фуқаро мамлакатга киритилмаган. Республикага тақиқланган диний адабиёт олиб киргани учун 19 нафар хорижлик жавобгарликка тортилган”, дейилган МХҚ матбуот хизмати хабарномасида.
Жорий йилнинг 12 июнь куни Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси бошчилигида Қозоғистон аксилтеррор марказининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган. Мажлисда “муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш доирасида давлат идораларининг ўзаро алоқасини кучайтириш тадбирлари” муҳокама қилинган.
ИИВ ва МХҚ кучлари ёрдамида одамлар кўп тўпланадиган жойлар дохил террор хуружи уюштирилиши эҳтимоли бўлган объектларда 3 мингдан зиёд текширув ўтказилган.
Биринчи апрель куни махсус хизматлар теракт олди олинганини маълум қилганлар. Ақтау шаҳрида маҳаллий турғунлардан бири террор хуружига ҳозирланганликда гумонланиб ушланган. Қўлга олинган шахс аввал қотиллик учун судланган “радикал диний мафкура тарафдори” экани айтилган. Унинг яшаш жойи тинтув қилинганида, махсус хизмат маълумотига кўра, портлаш мосламасини тайёрлаш учун компонентлар ҳамда “бошқа ашёвий далиллар” мусодара қилинган.