Қозоғистонда мамлакат иқтисодиётига 300 минг доллар миқдорида сармоя ётқизган хорижликларга яшаш учун рухсатнома бериш режаланмоқда. Бу ҳақда Tengrinews.kz нашри савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
“Ҳозирда Қозоғистон иқтисодиётига 300 минг доллардан кўпроқ ётқизган чет эллик тадбиркорларга яшаш рухсатномаси олиш ҳуқуқи билан 10 йилга виза олиш имконини беришга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилмоқда”, дея иқтибос келтирган нашр вазир сўзларидан.
Жумангарин бу ерда биринчи галда бюджетга солиқ шаклида қўшимча молиявий тушумлар келтириши ва янги иш ўринлари яратиши мумкин бўлган сармоялар ҳисобга олинишини айтган.
Вазир эндиликда Қозоғистон фуқароси бўлмаган инвесторлар сармоядорлик визасини аввалгидек беш кун ичида эмас, уч кун ичида олишлари мумкинлигини қўшимча қилган.
Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилинган 21 сентябрдан 3 октябргача Қозоғистонга, расмий маълумотларга кўра, 300 минг чоғли россиялик кириб келган, улардан қарийб ярми мамлакатдан чиқиб кетган. ИИВ маълумотига кўра, шу йил 21 сентябридан бери доимий яшашга рухсатнома олиш учун 998 нафар россиялик дохил 2 минг 177 нафар хорижлик, фуқаролик олиш учун эса 221 нафар россиялик дохил 1 минг 398 нафар чет эллик мурожаат қилган.
Россияликларнинг Қозоғистонга ёпирилиб келиши манзарасида ижтимоий тармоқларда муҳожирлар оқими меҳнат бозори ва кўчмас мулк бозорига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида хавотирлар билдирилмоқда. Расмийлар келаётганларнинг кўпи Қозоғистондан учинчи мамлакатга чиқиб кетиш учун транзит ўлка сифатида фойдаланаётганини урғулаб, аҳолини тинчлантиришга уринишяпти.