Қозоғистон: АЭС қурилиши бўйича референдум кузда ўтказилади

Балхаш кўлининг юқоридан кўриниши

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 27 июнь куни мамлакатда атом электр станцияси қурилиши бўйича референдумни жорий йилнинг кузида ўтказиш режаланаётганини билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати. Референдумнинг аниқ санаси ҳали очиқланганича йўқ.

Тоқаев АЭС қурилиши масаласи устида ишлаш бўйича масъулларга топшириқ берганини маълум қилди.

Бу масала бўйича сўнгги қарорни халқ қабул қилади”, дея билдирди Қозоғистон президенти ОАВ ходимларини тақдирлаш муносабати билан уюштирилган тантанали маросимда сўзга чиқаркан.

Унга кўра, ҳозирги пайтда бу борада “кенг кўламли муҳокамалар” ўтказилмоқда.

Тоқаев Қозоғистон ҳудудида атом электр станцияси қурилишига оид масалани Россияга илк сафарини амалга ошириб, президент Владимир Путин билан бу масалани муҳокама қилганидан буён бир неча бор кўтарган.

Ўтган йил сентябрида Тоқаев АЭС қурилиши масаласини умумхалқ референдумига олиб чиқишни таклиф қилган.

Ўша пайтда Қозоғистонда АЭС қурилиши мумкин бўлган муҳтамал майдон ўлароқ Балхаш кўли соҳилидаги Улкен қишлоғи айтилган.

Қозоғистонда аҳолининг бир қисми ва қатор экспертлар орасида атом станциялари хавфсизлиги юзасидан хавотирлар мавжуд. Фаоллар фикрича, АЭС қурилиши туфайли экологик, иқтисодий (лойиҳа қиймати бир неча миллиард долларга етиши мумкин) ва сиёсий (реакторни қурган мамлакатга қарамлик) хатарлар юзага келиши мумкин.

Қозоғистон расмийлари АЭС қурилишига сабаблардан бири “яқин келажакда” мамлакат дуч келиши мумкин бўлган электр энергияси танқислиги муаммоси эканини айтишган.

Ҳозирги пайтда Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг катта қисми кўмир станциялари ҳиссасига тўғри келади, сўнгги йилларда муқобил — қуёш ва шамол энергетикаси ҳам ривожланмоқда, бироқ уларнинг улуши жуда кичик.

Қозоғистонда сўнгги референдум 2022 йил 5 июнида бўлиб ўтган, ўшанда мамлакат фуқаролари Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича овоз берган эдилар.

Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси Даурен Абаев шу йилнинг май ойида Россиянинг ТАСС агентлигига берган интервьюсида АЭС қурилиши бўйича референдум йил охирига бориб ўтказилиши мумкинлигини айтган эди. Ўшанда у Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича рўйхатда Россиянинг “Росатом” ширкати ҳам бўлишига ишонч билдирган.