Қозоғистон: Барча ҳудудларда фавқулодда ҳолат тартиби бекор қилинди

Норозилик чиқишлари иштирокчилари Олмаотадаги майдонда, 2022 йил 6 январи

Қозоғистоннинг Нур-Султон ва Олмаота шаҳарлари, шунингдек Олмаота, Атирау, Жамбил, Қизилўрда ва Манғистау вилоятларида 19 январь ярим тундан эътиборан фавқулодда ҳолат тартиби амал қилмайдиган бўлди. Аввалроқ фавқулодда ҳолат мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бекор қилинганди.

“Фавқулодда ҳолат вақтида жорий этилган муваққат чекловлар ва комендантлик соати бекор қилинди”, дея маълум қилган Қозоғистон президентининг матбуот котиби Берик Қурмангали Facebook тармоғидаги саҳифаси орқали.

Олмаота шаҳри транспорт бошқармаси ФҲ тартиби тугагани муносабати жамоат транспорти ҳаракати одатдаги режимга қайтганини билдирган.

Айни пайтда Олмаота комендатураси шаҳарда террорчилик хавфининг “қизил” даражаси сақланишини айтган.

“Аксилтеррор тадбирлари доирасида шаҳарда полиция департаменти, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги кучларининг кеча-кундуз навбатчилик қилиши таъминланади. Блок-постлар сақланиб туради”, дейилган комендатура хабарномасида.

Террорчилик хавфининг “қизил” даражасида полицияга фуқароларни шахсий тинтув қилиш ва транспорт воситаларини кўздан кечиришга, ҳаракатни вақтинча чеклаш ёки тақиқлашга рухсат этилади. Намойиш ва митинглар ўтказиш ман қилинади.

Миллий хавфсизлик қўмитаси 15 январдаги хабарномасида террорчилик хавфи “қизил” даражаси Жамбил ва Олмаота вилоятларида ҳам сақланиши ва мазкур ҳудудларда “аксилтеррор амалиёти” давом эттирилишини маълум қилган эди.

Шаҳар комендатурасининг баёноти 19 январь куни мамлакатда тинч фуқаролар ва сиёсий тутқунларни озод этиш, террор ва қийноқларни тўхтатиш талаби билан митинглар ўтказилиши кутилаётган пайтда эълон қилинган.