Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида янги темирйўл барпо этилмоқда.
“Қозоғистон темирйўллари” компанияси матбуот хизмати қайдича, 2027 йилда ишга туширилиши кутилаётган янги Дарвоза–Мақтаорол линияси Сариоғоч–Тошкент йўналишига муқобил йўл бўлиб, Сариоғоч станциясидаги юкламани камайтириш ва Ўзбекистонга экспортни кўпайтириш имконини беради.
286 миллиард тенгелик (545,8 миллион доллар) инвестиция лойиҳаси доирасида бугунги кунга қадар 203 километрдан 100 километрга яқин рельс-шпал тармоқлари йиғилди. Лойиҳани амалга ошириш учун 46 та йўл-қурилиш техникаси ва 70 дан ортиқ ишчи жалб этилган.
Қозоғистон томони янги инфратузилма лойиҳаси республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини янада ривожлантиришга қаратилганини маълум қилган. Лойиҳа доирасида Қозоғистон–Ўзбекистон давлат чегараси орқали янги ўтказиш пункти очилиши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари темирйўл орқали юк ва йўловчи ташиш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Озодлик янги йил арафасида узунлиги 486 километрни ташкил этувчи Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўлига тамал тоши қўйилгани ҳақида хабар қилган эди.
Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтадиган халқаро темирйўлнинг йиллик юк ташиш ҳажми 15 миллион тоннагача етиши, товарни якуний истеъмолчига етказиш муддати 7 кунга қисқариши кутилмоқда.
2024 йил 16 ноябридан Олмаота – Туркистон – Тошкент – Олмаота йўналиши бўйича илк темирйўл саёҳат дастури ҳам йўлга қўйилганди.