Остона апелляция суди 26 июнь куни Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаевга нисбатан биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар қилди.
Рафиқаси Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбдор топилган собиқ вазир жорий йилнинг май ойида 24 йилга қамалган эди.
Апелляция суди собиқ вазирдан ташқари унинг жияни Бақитжан Байжановга нисбатан суд ҳукмини ҳам ўзгаришсиз қолдирган. Жиноятни яширганликда айбланган Байжанов аввалроқ биринчи инстанция суди ҳукми билан тўрт йилга қамалган эди.
Бишимбаев ўта шафқатсизлик билан қасдан одам ўлдиришда айбланган эди. Аввалги маҳкамада у мазкур айбловларни рад этиб, қасддан одам ўлдирмагани, тергов эса ижтимоий тармоқлар ва ОАВ томонидан бўлган босим таъсирига тушиб қолганини иддао қилган.
Суд материалларида қайд этилишича, Бишимбаев 2023 йил 8 ноябрь оқшомида ўз оиласига тегишли Bau ресторанида хотини билан жанжаллашиб қолган. У Салтанат Нукеновани дастлаб ҳожатхонада, кейин эса лифтдан чиқишда калтаклаган. Пировардида аёл олинган жароҳатлар туфайли жон таслим қилган.
Собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаев 2018 йилнинг март ойида коррупцияда айбланиб, 10 йилга қамалган эди. У Қизилўрда шаҳрида шиша заводини қуриш учун ажратилган миллиард тенгени ўзлаштиришда ҳамда қурувчилардан пора олишда айбланган. У 2019 йил октябрь ойида шартли равишда озодликка чиқарилган эди.
43 ёшли Қуандиқ Бишимбаев президент Назарбоев даврида юқори лавозимларда ишлаган. У ўз фаолиятини Нурсултон Назарбоевнинг ёрдамчиси сифатида бошлаган.
Бишимбаев адвокати Остона апелляция судининг 26 июндаги қарори ортидан эндиликда Қозоғистон Олий судига шикоят киритилишини билдирган.