Қозоғистон бош дипломати ўз мамлакати олдида “ДХР” ва “ЛХР”ни тан олиш масаласи турмаганини билдирди

Украина (ч) ва Қозоғистон (ў) байроқлари

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди Қозоғистоннинг “ДХР” ва “ЛХР” билан боғлиқ вазият бўйича расмий позицияси ишлаб чиқилаётгани, бироқ мазкур бўлгинчи тузилмаларни тан олиш масаласи мамлакат олдида турмаганини айтди.

Унга кўра, Қозоғистоннинг узил-кесил муносабати “яқин соатларда Хавфсизлик кенгаши йиғилишида” қабул қилинади.

“Ишонтириб айтаманки, олдимизда “ДХР” ва “ЛХР” мустақиллигини тан олиш деган масала тургани йўқ. Биз халқаро ҳуқуққа ҳамда БМТнинг асосий принциплари ва низомларига таянамиз”, деган Тлеуберди.

Кеча Россия президенти Владимир Путин Украина шарқидаги икки бўлгинчи тузилмани мустақил давлатлар сифатида тан олиш ҳақида фармон имзолаган. Озодлик қозоқ хизмати мухбирининг Россия нега бундай қарорга келгани хусусидаги саволига ташқи ишлар вазири муҳтамал сабаблардан бири ўлароқ “Россия билан Ғарб ўртасида хавфсизлик тизими бўйича келишувлар йўқ”лигини кўрсатган.

“Иккинчидан, Норманд формати иштирокчилари Минск битимларини амалга ошириш йўли билан ўзаро тил топишишга муваффақ бўла олишмади. Учинчи сабаб – бу “ДХР” ва “ЛХР”даги гуманитар инқироздир”, деган Мухтор Тлеуберди ўз жавобида.

Дипломатга Донбассга КХШТ кучлари йўлланиш-йўлланмаслигига оид савол ҳам берилган. Қозоғистон ташқи ишлар вазири “ҳарбий ёки тинчликпарвар кучлар фақат КХШТ ҳудудида қўлланиши мумкин”лигини айтган.

“Бунинг учун БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси ва мандати зарур, БМТнинг эса ўз тинчликпарвар кучлари мавжуд”, деган Тлеуберди.

Россия президенти Владимир Путин 21 февраль куни Украина шарқидаги сепаратистик республикалар (“ДХР” ва “ЛХР”) Москва томонидан мустақил давлатлар деб тан олинишини билдирган эди. Ғарб мамлакатлари Кремлнинг бу қадамини кескин қораламоқда.