Қозоғистон: Бош прокуратура фуқароларни сайлов куни “ноқонуний митинглар”га чиқмасликка чақирди

Қозоғистон Бош прокуратураси биноси

Қозоғистон Бош прокуратураси фуқароларни президент сайлови бўлиб ўтадиган 20 ноябрь куни “ноқонуний митинглар”га чиқмасликка чақирди. Мазкур чақириқ ўрин олган баёнот, Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, БП томонидан 18 ноябрь куни тарқатилган.

Хабарномада суд томонидан фаолияти тақиқланган ташкилот ижтимоий тармоқлар орқали 20 ноябрь куни ўтказилажак митингга чақираётгани айтилган.

Бош прокуратура иддаосича, “мақсади террорчилик ёки зўравонликка асосланган экстремизм бўлган бу каби ташкилотларнинг ҳар қанақа фаолияти тақиқ остида”дир.

Тақиқланган ташкилотлар акцияларида иштирок этишга чақирганлик, уларни уюштирганлик ёки иштирок этганлик учун жавобгарликка тортилиш мумкинлигини эслатган БП “ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳар қанақа ҳуқуқбузарликнинг олдини олиб, Қозоғистон қонунчилигини бузаётган шахсларга нисбатан қонунда кўзда тутилган чораларни қўллаши”ни таъкидлаган.