Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистонда Энергетика вазирлиги бензин нархини 11 фоизга, дизель ёқилғиси нархини эса 20 фоизга ошириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда марказий коммуникациялар марказида 3 апрель куни бўлиб ўтган брифингда энергетика вазири Болат Ақчулақов маълум қилди.
Бу қарорни у “Қозоғистон ва қўшни мамлакатлар ўртасидаги нарх фарқини камайтириш зарурати” билан изоҳлаган.
“Агар ҳозир нархдаги фарқни камайтирмасак, яқин орада ёппасига ёқилғи танқислигига дуч келишимиз мумкин. Бу ҳолат соҳани бундан буён ривожланиши учун йўлларни ёпиб қўяди ва мамлакат энергетика хавфсизлигига таҳдид солади”, дея билдирган Ақчулақов.
Мулозим нефтни қайта ишлаш заводларидан учтаси модернизация қилиниб, ўтган йили ишлаб чиқариш қувватлари ошганига ҳамда дизель ёқилғисини ишлаб чиқариш ҳажми бўйича рекорд кўрсаткичга эришилганига қарамай, мамлакатнинг айрим ҳудудларида ёқилғи танқислиги сезилганини қайд этган. Юзага келган бу тақчилликни, вазирга кўра, қиммат бўлган импорт ёқилғи ҳисобидан тўлдиришга тўғри келган.
Тақчилликнинг асосий омиллари ўлароқ вазирлик вакиллари транзит билан ўтаётган машиналар ҳамда қўшни мамлакатларга оқаётган “кулранг экспорт”ни кўрсатишган.
“Бу нарх билан ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини ишлаб чиқаришни қанча оширмайлик, доим етишмай тураверади”, деган вазир Ақчулақов.
Ўтган йил августида Қозоғистонда энергетика вазирлигининг қўшни мамлакатлар билан чегарадош ҳудудларда дизель ёқилғиси чакана савдоси учун энг арзон нархни белгилаб берган буйруғи кучга кирган эди. Бу чорани вазирлик солярка танқислигига йўл қўймаслик зарурати билан изоҳлаган, ўшанда дизель ёқилғиси учун лимит ҳам белгиланган эди.