Ўзбекистон Қозоғистон ҳудуди орқали транспортировка қилинаётган Россия гази ҳажми жорий йилда 2023 йилга нисбатан қарийб уч баравар ошади. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.
“Газпром” очиқ акциядорлик жамияти ва Қозоғистон Республикаси ҳукумати ўртасида имзоланган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома доирасида Ўзбекистонга 2023 йили етказиб берилган 1,28 миллиард куб метрлик Россия гази йиллик транспортировка ҳажмини 2024 йилда 3,8 миллиард куб метргача ошириш белгиланган”, дея билдирганлар Қозоғистон Энергетика вазирлиги вакиллари.
Ўзбекистон 2023 йилнинг октябридан Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали импорт қилишни бошлаганди.
Ўзбекистоннинг 2024 йил биринчи чорагига мўлжалланган инвестиция дастурида Россиядан табиий газ импорти ҳажмини ошириш мақсадида магистрал газ тизимини модернизация қилиш режалаштирилгани қайд этилган.
Озодлик март ойи бошида “Путиннинг бир қўлидан иккинчи қўлига. "Газли" омбори Фозиловга ўтди” деб номланган суриштирувни эълон қилган.
Суриштирувда Ўзбекистон энергетикасининг де-факто қиролига айланган Бахтиёр Фозилов эндиликда мамлакат газ-транспорт тизимининг "юраги" саналган "Газли" газ омборини ҳам қўлга олгани айтилади.
“Украинадаги уруш ортидан юзага келган янги геосиëсий реалликда Россия газ қувурлари ўтувчи Қозоғистон ва Ўзбекистон билан "Газ иттифоқи" деб аталган махфий келишув имзолади, Ўзбекистонга 2.8 миллиард куб метр газ импорт қилиш иддаоси билан бу қувурларни реверс режимида ишга туширди.
Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача 2023 йил 7 октябрь - Путиннинг туғилган кунида тантана билан старт берилган бу келишув ортидан қанча газ, қанча нархда импорт қилинганига оид бирор маълумотни очиқламаган”, дейилган Озодлик суриштирувида.