Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги чегара заставасида муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган аскар ўлик ҳолда топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, аскар ўз жонига қасд қилган.
Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган Бекбол Мираш аскарликка Атирау вилоятидан чақирилган. Аскарнинг вафот этганини унинг жасадини олиб кетиш учун йўлга чиққан яқинлари тасдиқлашган.
Бу Қозоғистонда сўнгги ойларда тинч пайтда аскарлар ҳалок бўлиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас. 17 август куни Атирау вилоятидаги чегара участкаларидан бирида муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган Нурбек Ергалиев жон таслим қилган эди. Июль ойи охирида эса икки вилоятда Миллий гвардиянинг икки ходими осилган ҳолда топилган. Апрель ойида ҳам Мангистау вилоятидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскар вафот этган эди.