Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида мамлакат ғарбидаги Жанаўзен шаҳридаги намойишчилар ҳимоясига норозилик акциялари бўлиб ўтмоқда. Озодлик қозоқ хизматининг хабар қилишича, норозилик намойишлари газ нархининг кўтарилиши ортидан бошланган.
Жанаўзен шаҳри ва Манғистау вилоятида юзлаб одамлар суюлтирилган газ нархи ошганига қарши норозилик билдираётгани манзарасида вилоят акимати ва Қозоғистон энергетика вазирлиги баёнот билан чиқди. Расмийлар ёқилғи қимматлашувини бозордаги вазият ва талаб ортиши билан изоҳламоқда.
Хусусан, вазирлик мамлакатда суюлтирилган газ истеъмоли йил сайин ўсаётганини, ишлаб чиқариш ҳажми эса ўтган йиллар даражасида қолаётганини маълум қилган. 2022 йил 1 январдан Қозоғистонда суюлтирилган газ савдоси 100 фоиз товар биржаларига ўтказилди. Вазирликка кўра, “электрон тижоратга ўтиш газ баҳосини талаб ва таклиф асосида мувозанатда тутишга имкон беради”, бу эса янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга инвестиция жалб қилишга шароит яратади.
Мавзуга алоқадор Назарбоев Путин билан учрашувда “коллектив Ғарбнинг Россияга қарши конфронтацияси” ҳақида гапирди“Бозор механизмлари рақобатнинг ривожланишига ижобий таъсир этмоқда. Электрон савдога ўтгунга қадар суюлтирилган нефть гази нархи ишлаб чиқарувчиларга зарар келтирарди, чунки ўз таннархидан паст баҳода сотиларди”, қўшимча қилди вазирлик.
Манғистау вилояти ҳокимлиги Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи – минтақада ягона газ ишлаб чиқарувчи завод эканини эслатди. Унинг қуввати (ойига 14,4 минг тонна) вилоят эҳтиёжини қондириш учун етарли эмас, шу боис 3.5 минг тонна газ бошқа ҳудудлардан етказиб берилади. Шу билан бирга, вилоят энергетика ва уй-жой-коммунал хўжалик бошқармаси раҳбари Бердибек Картбоевга кўра, 1973 йилдан бери ишлаб турган ушбу заводда жиҳозлар 90 фоизга эскирган.
“Шошилинч чоралар кўрилмаса, келгусида вилоят завод тўхтаб қолиши ва суюлтирилган газ танқислашуви хавфи остида қолади. Янги завод қуриш режамиз бор, аммо у қисман, суюлтирилган газни бозор баҳосида сотиш ҳисобига молиялаштирилиши мумкин”, уқтиради Карбоев.
Унинг айтишича, газ баҳоси республика бўйича 1 литрга ўртача 110 тангани ташкил қилса, Манғистау вилоятида чакана нархлар 95 тангадан 115 тангача.
“60 танга миқдордаги аввалги нарх қайтмайди, чунки газ баҳоси биржада ҳозирданоқ, операцион харажатларсиз 70-85 тангани ташкил қилмоқда. Бундан кейин газ нархларини талаб ва таклифдан келиб чиқиб бозорнинг ўзи белгилайди. Ушбу товар рақобат муҳитига оид бўлгани сабабли акимат унинг нархини тартибга солишга аралашмайди”, дея маълум қилди Картбоев.
Газ нархи кўтарилишига ҳокимликнинг алоқаси йўқлигини аввалроқ Жанаўзен ҳокими вазифасини бажарувчи Галим Байжанов ҳам айтган эди.
Манғистау вилоятида автотранспорт воситаларининг аксарияти суюлтирилган табиий газда ишлайди. Вилоятнинг Жанаўзен шаҳрида газ қимматлашишига қарши норозилик анчадан бери давом этмоқда. 2 январь куни вилоятдаги бир неча қишлоқ аҳолиси ҳам нархни 1 литрга 50-60 тангага туширишни талаб қилиб чиқишди.
Намойишлар бошқа шаҳарларга ҳам ёйилди
3 январь куни Нур-Султонда Жанаўзендаги митингчиларни дастаклаш мақсадида Кенесари ҳайкали ёнига келган уч киши қўлга олинди. Полиция Озодлик қозоқ хизмати мухбирига воқеаларни суратга олишга йўл қўймаган.
Пойтахтликлар Кенесари ҳайкали ёнида нархлар ошишига нисбатан ўз салбий муносабатини билдиришди. Полиция дастлаб уларнинг сўзларига қулоқ солган, кейин воқеа жойига махсус вазифаларни бажарувчи ходимларни чақиришган. Пировардида митингчиларни тутиб, полиция автобусига “тиқишган”.
Озодлик мухбири хабар қилишича, ҳайкал атрофида ҳамон полициячилар кўп, автозаклар ва махсус автобуслар турибди. Полициячилар Озодлик мухбири журналист гувоҳномасини кўрсатганига қарамай, митингчиларнинг қўлга олиниши жараёнини тасвирга олишига рухсат беришмаган. Улар мухбирга ўзларини таништиришмаган ва ўз хатти-ҳаракаларини тушунтирмаганлар.
Ижтимоий тармоқларда ёйинланган видеога кўра, пойтахт акимати олдида ҳам нарх ошганига қарши чиққан одамлар қўлга олинган. Митингчилар ёнига полициячилар ва фуқаро кийимидаги шахслар келиб, “ноқонуний йиғин” бўлаётганини айтишган, кейинроқ эса уларни куч билан автобусга ўтқизиб, олиб кетишган.
Олмаотада Республика майдони ва Астана майдони тўсиб қўйилиб, бутун периметр полициячилар билан ўраб олинди.
Кўчанинг қатнов қисмига ҳатто жамоат транспортини ҳам ўтказишмаяпти. Полиция занжири ичкарисида ва майдон теварагида полиция машиналари ва автобуслар турибди.
Полициячилардан бири Озодлик мухбири саволига қисқа қилиб: “Митинг муносабати билан тартиб кучайтирилди”, деб жавоб берган.
2 январдан бери турли сиёсий гуруҳларнинг фаоллари Олмаота аҳолисига ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиб, одамларни Жанаўзендаги митингни қўллаб-қувватлаш учун шаҳар марказий майдонида тўпланишга чақиришмоқда.
3 январь куни эрталаб Демократик партия тузиш бўйича ташаббускор гуруҳ раҳбари Жонбўлат Мамай соат 14.00 да марказий майдонга митингга келишга чақирди. Аммо кўп ўтмай Мамай “жиноят иши” юзасидан жавоб бериши учун шаҳар департаментига чақирилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.
Нур-Султон ва Олмаотадан ташқари Чимкент шаҳрида ҳам полиция митинг қилиш мумкин бўлган майдон ва кўчаларни кучайтирилган тартибда қўриқлаётгани айтилмоқда.