Қозоғистон: Коррупция мавзусида ёзадиган журналист Амангелди Ботирбековнинг ўғли отиб кетилди

Журналист Ботирбековнинг ўғли отиб кетилган жой олдидаги дўкон эшиги (сурат Амалгелди Батирбеков томонидан тақдим этилган)

Жорий йилнинг 4 январга ўтар кечаси Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариоғоч қишлоғида “Сариагаш инфо” газетаси муҳаррири Амангелди Ботирбековнинг уйи ёнида номаълум кимсалар унинг ўғли Динмуҳаммадни отиб, яралади.

Ботирбеков мазкур ҳужумни ўзининг журналистлик фаолияти билан боғламоқда. Полиция воқеа юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Амангелди Ботирбеков Озодликнинг қозоқ хизматига 3 январь куни соат 23 га яқин бегона одамлар эшигини тақиллатишгани, улар оқ ниқобда бўлгани ва бирининг қўли дока билан боғланганини маълум қилган.

Эшикни журналистнинг қизи очган, келганлар ундан отасини чақиришни сўрашган. Ботирбеков кўчага чиққанида уй ёнидаги дўкон тарафдан ўғлининг қичқириғини эшитган.

“Кўчага чиққаним заҳоти ўқ товушини эшитдим. Ўғлимни елкасидан жароҳатлашибди”, деган Ботирбеков.

Динмуҳаммад Ботирбеков Сариоғоч тумани шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ташхисга кўра, унинг кўкрак қафаси, иккала қўлининг юқори қисми питра ўқдан яраланиб, пайларига шикаст етган.

Отаси айтишича, ноябрь ойида у тез орада газетасида “Туркистон вилоят кенгаши депутати, Чимкент шаҳри прокурори ва аксилкоррупция агентлиги раисининг ўринбосарини нима бир-бири билан боғлайди?” деган мавзуда суриштирув эълон қилиниши ҳақида ижтимоий тармоқда маълум қилган.

Шундан сўнг ёнига “ҳар хил одамлар” келиб, мақолани чиқармасликни илтимос қилишган. Журналист “ҳеч бир таклифни қабул қилмаган” ва мақола барибир чоп этилишини айтган.

Сариоғоч полицияси Озодликка воқеа юзасидан “Одам ўлдиришга қасд қилиш” моддаси бўйича жиноят иши очилиб, махсус гуруҳ тузилганини билдирган.

2021 йилда Туркистон вилояти судининг уч судьяси Ботирбековни туҳматда айблаб, даъво иши қўзғатишган эди. Мазкур иш бўйича суриштирув ҳамон давом этмоқда.

2020 йилда ҳам Ботирбеков бир неча бор “туҳмат” ва “ҳақорат қилиш”да айбланиб, судга тортилган, бироқ пировардида маҳкама уни оқлаган.

2019 йилда эса Туркистон вилоятининг Келес тумани халқ таълими бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Абдиев “ҳақорат қилгани учун” Ботирбековни судга берган. Сариоғоч тумани суди журналистни икки йилу уч ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилган, аммо вилоят суди ҳукмни бекор қилиб, Ботирбековни оқлаш ҳақида ҳукм чиқарган.