Шу кунларда Туркистон вилоятининг Сариоғоч туманидаги Маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослаштирилган суд юзлаб меҳнат мигрантлари ишларини кўриб чиқмоқда. Уларнинг барчаси миграция қонунчилигини бузганликда айбланмоқда. Мигрантларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари.
Озодлик қозоқ хизмати мухбирига кўра, мигрантлар қонунни бузиб, мамлакатда рўйхатдан ўтишда кўрсатилганидан кўпроқ вақт қолишганини тан олишади. Ҳар икки давлат фуқаролари Қозоғистонга визасиз, фақат сайёҳ сифатида ёки шахсий ташриф билан кириши мумкин. Мамлакатда ишлаш учун улар алоҳида рухсатнома олишлари шарт.
Бироқ, одатда мигрантларнинг рўйхатдан ўтиш муддати ўтган бўлади ва бу улар уйга қайтаётганда чегарада аниқланади. Уларни ушлаб туришади, суд қилишади, жарима солишади ва депортация қилишади.
Шу билан бирга, меҳнат муҳожирлари ўз ишлари "жуда секин" кўриб чиқилаётганидан шикоят қилмоқда. Кўпчилик суднинг депортация ҳақидаги қароридан норози.
Мавзуга алоқадор Россия ортидан Қозоғистонда ҳам “мигрант ови” кузатилмоқдаСариоғоч суди раиси Берик Каиповнинг айтишича, унинг судида қонунга қатъий риоя қилинади: Қозоғистон Маъмурий кодексига кўра, чет эл фуқаролари рўйхатга олиш муддати тугаганидан кейин ўн кундан ортиқ мамлакатда бўлса, 92 300 тенге миқдорида жарима солиш ёки Қозоғистон ҳудудидан чиқариб юбориш кўзда тутилган.
"Дам олиш кунларига кўплаб ишлар келиб тушади, лекин биз уларни душанбадан бошлаб кўриб чиқамиз, шунинг учун одамлар кўп," дейди у, кунига туман суди юзтача ишни кўриб чиқишини қўшиб.
Суд мажлиси шу кунларда фуқароларнинг катта йиғинини эслатади. Бино олдида суд чақириғини кутаётган одамлар тўпланган, улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Қўлга олинганларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари, баъзилари Тожикистондан келганини айтишди. Уларнинг барчаси "Жибек Жоли" чегара пунктида қўлга олинган. Ишлар судга Миллий хавфсизлик хизматининг Чегара хизматидан келиб тушган.
Ўзбекистон фуқароси Абдулазиз Абдуқайимов Тараз шаҳридаги қаҳвахоналардан бирида ошпаз бўлиб ишлаган. У Қозоғистонда деярли тўққиз ой бўлган. Унинг айтишича, иш берувчи уни қонун талабига кўра фақат дастлабки олти ой учун рўйхатдан ўтказган, Абдулазиз эса Таразда яна уч ой ишлаган. Чегарачилар уни 1 ноябрь куни Ўзбекистонга уйга кетмоқчи бўлганида қўлга олишган.
"Квартирани кунига уч минг тенгега ижарага олганмиз. Битта хонада ўн беш киши ухларди. Уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари. Биз Қозоғистонга ишлагани келдик," деди у 4 ноябрь куни "Озодлик" мухбирига.
4 ноябрь куни судда Абдулазиз каби юзга яқин одам бўлган. Баъзилари кутавериб чарчаганидан йўлканинг шундоқ ўзига ётиш жойи тайёрлаб олган. Йўлнинг қарама-қарши томонида маҳаллий аҳоли аллақачон овқатланиш шохобчасини ташкил қилган. "Иссиқ овқат, арзон шўрва, палов," дея сотувчилар янги харидорларни чорлайди.
Муҳожирлар ҳам ўша ерда овқатланади: кимнинг омади келса, стул топиб олади, лекин кўпчилик чўнқайиб ёки ерда ўтириб овқатланади. "Озодлик" совуқ ерга бор-йўқларини тўшаб, болаларини ётқизган аёлларни кўрди.
Меҳнат муҳожирлари ўз қишлоқларида иш топиш мумкинлигини, лекин жуда кам маош олишларини айтишди. Қозоғистонда улар кўпроқ пул топишади ва ҳар қандай оғир ишга рози бўлишади.
"Биз Степногорскдаги фермада ишлардик, мол боқардик. Фермада тўрт юзга яқин ҳайвон бор. Улар гўшт ва сут ишлаб чиқаради. Икки тракторчининг ишини ёлғиз ўзим эплардим," дейди ўзбекистонлик 42 ёшли Зафар Ражабов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Зафар Ражабов Қозоғистон президентига "бизни кечириш"ни сўраб мурожаат қилди.
«Биз бу ерда 500 кишимиз, тўрт кундан бери кутиб турибмиз. Бизга ёрдам беринг, бир марта кечиринг», деди у Қасим-Жомарт Тоқаевга мурожаат қилиб.
Ҳозир суд олдида тўпланган мигрантлар шу кунларда ишлаб топган барча пулларини озиқ-овқат ва уй-жой ижарасига сарфлаганидан хавотирда.
Тожикистон фуқароси Сардор Насруллаев чегарачилар уни ноқонуний ушлаган, деб ҳисобламоқда. Унинг айтишича, у сўнгги тўрт йил давомида Қозоғистонда ишлаган. Август ойида у Қозоғистонга келиб, "меҳмон" визасини расмийлаштириб, ИИН олган. Қозоғистондаги муддати тугашидан бир ҳафта олдин уйга қайтмоқчи бўлган.
«Чегарачилар ҳужжатларимни текшириб ҳам кўришмади. Улар шунчаки Қозоғистонга икки кун олдин келганим ҳақида баённома ёзиб, судга жўнатишди. Суд ҳеч қандай сабабсиз депортация қилиш ҳақида қарор чиқарди. Мен бу қарордан рози эмасман», дейди Насруллаев.
Тушдан кейин суд олдида одамлар сони кескин кўпаяди. Суд котиблари кўчага чиқиб, меҳнат муҳожирларини номма-ном чақиришади – бир мартада тахминан ўн кишини.
Суд биносидан чиққанларнинг аксарияти судья Қозоғистон ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилганини айтишди. Жаримани тўлашга қурби етмайдиганлар суд қарорига рози бўлмоқда. Аммо Қозоғистонда ишлаб, Ўзбекистон ва Тожикистондаги оилаларини таъминлаётганлар бунга рози эмас. Уларнинг деярли ҳеч бири суд қарори устидан апелляция шикояти бермаяпти.
Сариоғоч маъмурий суди маълумотларига кўра, мигрантлар билан боғлиқ ишлар сони ўтган йилга нисбатан кескин ошган. Ўтган йил давомида ушбу туман судида Қозоғистонга ишлаш учун келиб, рўйхатдан ўтмаган 17 минг кишининг ишлари кўриб чиқилган. Бу йил эса атиги 10 ойда 17 мингта иш кўриб чиқилди.
Қўшни Келес ва Қозигурт туманларида ҳам кўриб чиқилаётган ишлар сони ўн мингтага етган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Худди шундай ҳолат ўтган йили ҳам кузатилган эди. 2023 йил ноябрь ойида миграция қонунчилигини бузганликда айбланиб, судгача етиб борган меҳнат мигрантлари сони кескин кўпайган. Ўшанда Сариоғоч судига кунига 200 тадан, баъзи кунларда 800 тагача иш келиб тушар ва суд маъмурияти уларни рўйхатга олишга улгуролмас эди. Натижада вилоят суди мигрантлар ишларини Қозигурт ва Келес туман судлари ўртасида тақсимлаган.