"Асирга олингандайман". Қозоғистонда ярим йилдан буён паспортсиз яшаётган ўзбекистонлик ҳикояси

Илдар Бикчуркин.

Ўзбекистон фуқароси Илдар Бикчуркин Қозоғистонда бир йилдан зиёд вақтдан бери паспортсиз яшайди ва шу сабабга кўра ватанига қайта олмаяпти. Унинг ҳужжатларини 2023 йилнинг кузида Қозоғистондан чегара масканларини айланиб ўтган ҳолда Россиянинг Омск вилоятига кетаётганида қозоқ чегарачилари тортиб олишган.

Россияда ноқонуний мигрантни рус кучишлатар ходимлари қўлга олиб, Ўзбекистонга депортация қилишади. Лекин Илдар тўғри ватанига қайтиш ўрнига, Қозоғистон ҳудудига киргач қозоқ чегарачилари ёнига бориб: “Паспортимда “жўнаб кетди” деган муҳр йўқ-ку, қандай қиламан?” деб сўрайди. Шундан сўнг ўзбекистонликни ўтказиш масканининг ўзида ушлашади.

Мавзуга алоқадор Пулини олиб, ўзини қийноққа солишган. Қозоғистонда ушланган ўзбек ҳикояси

Паспортини тортиб олишади (чегарачилар айтишича, суд бўлмасдан) ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айблашади. Бироқ унинг иши бўйича суд ҳалигача бўлган эмас.

“Ўшандан бери сарсон-саргардон юрибман. Ҳеч қаерга расман ишга жойлаша олмайман, чунки ҳужжатларим йўқ, бирон жойга рўйхатга ҳам қўйишмайди. Аросатдаман. Худди асирликда юргандайман”, дейди Бикчуркин.

Илдар унинг иши бўйича тергов сўнгги ярим йилда бир қарич ҳам олдинга силжимаганини айтади. Шунча вақтдан бери у Қозоғистонда ярим оч, юпун, ҳужжатларсиз яшамоқда: ётоқхонадаги кичкина хонанинг ижара ҳақини бир таниши ёрдами билан тўлаб турибди.

“Синглим қарашиб туради, дўстим ҳам. Лекин ҳадеб улардан пул сўрашга бетим чидамайди, гоҳида шундан кўра оч қолишни маъқул кўраман”, ҳикоясида давом этади суҳбатдошимиз.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қозоғистон қорақалпоқ фаолини Ўзбекистонга бериши мумкин

Ўзбекистон ватандошига кўра, чегара хизмати ходимларининг ўзлари унга Павлодарда иш таклиф қилишган: кунига 6 доллардан ҳақ тўлашга ваъда беришган экан. Лекин Бикчуркин рад қилибди.

“Бу ерда расман ишлай олмаслигимни ҳамма билади, шунга қарамай ходимлар иш таклиф қилишяпти. Бу қанақаси? Мен ниманидир тушунмаяпманми? Бундан чиқди, улар ўзлари қонунни бузишни таклиф қилишяптими? Ишлаш учун рухсатнома олишим керак-ку? Ҳеч қанақа ҳужжатим йўқ-ку”, ҳайрон бўлади Элдор.

Илдарнинг сўзларига кўра унга ноқонуний иш таклиф қилган терговчи Адилет Салимов бу мавзуда суҳбат бўлганини инкор этди. Салимов "Настояшчее время" мухбири билан мулоқот чоғида тергов чўзилиб кетганини Қозоғистон чегара хизмати ўз сўровига Россия томонидан жавоб келишини кутаётгани билан изоҳлади. Мулозим бунга неча ой ёки неча йил кетишини билмаслигини айтаркан, ўшангача Бикчуркинга паспорти қайтарилмайди, дея қўшимча қилди.

“Ҳужжат ашёвий далил деб топилиб, жиноят иши материалларига қўшиб қўйилган”, деди у.

Салимов “олиб борилаётган тергов сирини ошкор қилмаслик учун” “Ўзбекистон фуқароси Қозоғистонда ҳужжатсиз нима қилади?” деган саволга жавоб беришни истамади. “Сизга жавоб беришга мажбур эмасман”, деди терговчи.

“Настояшчее время” телеканали чегара хизматининг Павлодар вилояи департаментига ҳам расмий сўров йўллаб, шу ва бошқа саволларга жавоб беришни илтимос қилди. Мақола эълон қилинган пайтда Қозоғистон давлат идорасидан жавоб келмаганди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Сариоғочда юзлаб ўзбек мигрантлари уйига қайта олмаяпти

Илдар учун бу Остонадаги биринчи қиш. Суҳбатдошимиз бу ернинг совуғига сира кўника олмаётганини айтади.

“Мени шунақа аҳволга солишяптики, ўзимни бир нима қилиб қўйсаммикан, деган фикрлар миямга келадиган бўлди. Жондан тўйишгача олиб боришди”, дейди Илдар Бикчуркин.