Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри бош санитар врачи Жандарбек Бекшин 16 март куни байрам ва ҳордиқ кунлари янги карантин чораларини киритишга оид галдаги қарорни имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ, 20 мартдан шаҳардаги театр, кинотеатр, концерт заллари, кўнгилочар марказлар, компьютер клублари, таълим марказлари, томошабинлар иштирокидаги спорт тадбирлари, банкет заллари ва бошқалар ўз фаолиятини тўхтатиши лозим.
Янги қарорга кўра, Олмаотада жамоат транспорти фаолияти ҳам чекланади. Шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган транспорт аҳолига байрам ва ҳордиқ кунлари эрталабки соат 6:00 дан 10:00 гача ҳамда кечки соат 17:00 дан 22:00 гачагина хизмат кўрсатиши мумкин.
Ўтган йил кузида Бекшин карантин чоғида жамоат транспорти иш вақтини чеклаш хато бўлганини билдирганди. Ўтган ҳордиқ кунлари жамоат транспорти фаолияти яна тақиқланди, бу эса аҳоли орасида, айниқса шанба кунлари ишлайдиган ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари ўртасида норозилик кайфиятини уйғотган.
Олмаотанинг бош санитар врачи қарори билан озиқ-овқат дўконлари ва мини-маркетлар иш вақти ҳам чекланган. Улар байрам ва ҳордиқ кунлари ярим тунгача ёпилиши шарт. Қарорда озиқ-овқат бозорлари дам олиш кунлари ишламаслиги, байрам кунлари эса соат 17:00 гача ишлаши қайд этилган.
Сўнгги кунларда “қизил ҳудуд”га кирган Олмаотада коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, бу шаҳарда ҳар куни 100 га яқин бемор касалхонага ётқизиляпти. Жандарбек Бекшин 16 март куни касалхонага ётқизилаётганлар сони кунига 300 нафарга етганда шаҳарда қатъий чеклов чоралари киритилиши, 500 нафарга етган тақдирда эса тўла локдаун жорий этилишини билдирган.