Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев 5 январь куни “мамлакатдаги ижтимоий вазият” юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказди, дея маълумот тарқатди Ақўрда сайти.
Президентга кўра, бош вазир Асқар Мамин ўз хоҳиши билан истеъфо аризасини ёзган. Қозоғистон Конституциясига биноан, бош вазир истеъфога чиққан тақдирда бутун ҳукуматнинг ваколатлари тугатилади.
Тоқаев “ижро ҳокимиятининг асосий вазифаларидан бири – инфляцияни жиловлаш”ни уддалай олмаганини ва бу вазифани ҳали тўлиқ шаклланмаган янги вазирлар маҳкамасига топширилишини маълум қилган.
Президент Манғистов вилоятига йўлланган ҳукумат комиссияси, кучишлатар тузилмалар ҳамда вилоят акими “вазиятни барқарорлаштириш” бўйича ўз вазифаларини бажарди, деб ҳисоблайди. Бироқ Манғистов вилоятидаги фаоллар ушбу комиссия кимлар билан учрашганидан бехабар эканликларини айтишмоқда, 3 январь куни эса намойишчилар музокара қилгани борган вилоят ҳокими Нурлан Ноғаевни майдондан қувиб солганлар.
Тоқаев “суюлтирилган газ нархлари ошиши билан боғлиқ норозилик вазияти аввало ҳукумат, хусусан, энергетика вазирлиги ҳамда “Қазмунайгаз” ва “Қазақгаз” ширкатлари айби билан юзага келган”ини урғулаган.
Президент фикрича, “фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилганидан сўнг Олмаотада ва Манғистов вилоятида вазият секин-аста ўнгланмоқда”. У бу борада “асосий масъулият ИИВ, Тез ҳаракат қилувчи кучлар ҳамда Миллий гварди зиммасига тушган”ини ва улар “ўз вазифасини муваффақиятли адо этаётганини” билдирган.
Президентнинг мазкур баёноти намойишлар куч билан бостирилаётгани манзарасида эълон қилинган: ИИВ маълумотига кўра, 5 январга ўтар кечаси қарийб 200 киши қўлга олинган. Тасдиқланмаган хабарларда эса полиция бўлимларига келтирилганлар сони анча кўплиги айтилмоқда.
Нарх икки карра қимматлашувига ва алал-оқибат оммавий намойишларга олиб келган суюлтирилган газни биржа орқали сотиш қарорига тўхталаркан, президент Тоқаев “суюлтирилган газ савдосини ташкил қилиш ва ўтказиш қоидалари ишлаб чиқилмаган”ини қайд этган.
“Электрон савдолар чоғида нархлар кўтарилишини чеклаш механизмлари назарда тутилмаган. Натижада энергетика вазирлиги ошиғич чора кўриш ва электрон савдоларни тўхтатиб туришга имкон топа олмаган”, деган президент.
Шу билан бирга, Тоқаев “ҳеч ким ҳамиша ўз зарарига сотмайди”, дея урғулаган.
Пировардида президент суюлтирилган газ, бензин ва дизель ёқилғиси нархлари 180 кун давомида давлат томонидан тартибга солиш, ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари давлат назоратига олиш, “Жисмоний шахсларни банкрот деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича ва яна бир қатор “қўшимча кўрсатмалар” берган.