Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 15 февраль куни ўз мамлакати билан Ўзбекистон ўртасида маҳкумларни топширишга оид шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаган. Бу ҳақда Оқўрда сайти маълумот тарқатди.
Мазкур шартномага мувофиқ, томонлар судланганларни топшириш масаласида бир-бирлари билан максимал даражада ҳамкорлик қилиш вазифасини зиммаларига олганлар. Шартнома асосида мамлакатлар қарши тараф талабига кўра қамоқхонада жазо ўтаётган ва бошқа томон фуқаролигига эга бўлган маҳкумларни топширишлари мумкин бўлади. Алмашиш жараёнида маҳкумнинг ўзидан ёки унинг вакилидан ҳам розилик олиш кўзда тутилгани айтилмоқда.
Маҳкумларни топшириш процедураси ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Ғишткўприк” (“Жибек Жоли”) назорат-ўтказиш орқали амалга оширилиши қайд этилган.
Аввалроқ Zakon.kz нашри Қозоғистон бош прокурори ўринбосари Асет Чиндалиевдан олинган маълумотга таянган ҳолда шу кунда мамлакат қамоқхоналарида 486 нафар ўзбекистонлик маҳкум жазо ўтаётгани ҳақида хабар қилган эди.