Қозоғистон: Путин ташрифи кунидаги акция бўйича иш очилди

Россия президенти Владимир Путин қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев билан Оқўрда қароргоҳида, 2024 йил 27 ноябри

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Россия президенти Владимир Путиннинг ташрифи чоғида Остона шаҳридаги реклама экрани Россия байроғи ўрнига дабдурустдан Украина байроғи кўрсатилгани ортидан жиноят иши очилганини маълум қилди.

Украина байроғи акс этган экран видеоси ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан тарқатилган. Экран тез орада ўчириб қўйилган. “Интерфакс” агентлиги қайдича, 28 ноябрь тонгигача ҳам экран ишламай турган.

Полиция содир бўлган воқеа сабабларини ўрганмоқда, бу сабаблар орасида техник носозлигидан экран ишига қасддан аралашишгача бўлган тахминлар бор.

LED-экран эгаси бўлган “Керуен Медиа” ширкати директори ўринбосари экранда Россия байроғи ранглари кўрсатиб турилгани, бироқ симлардаги туташув сабабли оқ ранг ўчиб қолгани, қолган ранглар эса ўзгариб қолгани, телефон орқали тасвирга олинса, қизил ранг сариқ бўлиб кўринишини айтган.

Қозоғистон Давлат техник хизмати Остонадаги экранга ҳакерлик ҳужуми уюштирилиб, унинг ичига кирилганини билдирди.

“Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум прокси-серверлардан фойдаланган ҳолда хориждаги IP-адреслар воситасида содир этилган”, дея баёнот берган муассаса айни пайтда экранга таъсир ўтказган манба қидирилаётганини қўшимча қилган.

Владимир Путин Остонага 27 ноябрь куни келган. Ўша куннинг ўзида унинг Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан музокаралари бўлиб ўтган. Пайшанба куни эса Путин Остонада КХШТ саммитида иштирок этган.

Путин ташрифи куни иккинчи жиноят иши Кўкшетау шаҳрида ўтказилган акция сабабли очилган. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, у ерда фаоллар Марат Жанузаков, Бауржан Балташев ва Валихан Негметовга “майда безорилик” айблови қўйилмоқда.

Жанузаков журналистларга учовлон уй олдида қўлларида Қозоғистон ва Украина байроқларини тутиб туришгани, ҳеч нарса гапиришмаганини айтган. Унга кўра, фаоллар полиция бўлимида оқшомги соат 9 дан тунги соат 3 гача ушлаб турилган, энди эса бу бўйича суд бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Интернетда ёйинланган фотосуратда Балташев ва Негметов байроқлар билан туришгани, Жанузаков эса қўлида “Ваше превосходительство, пошел на хрен из Казахстана!” (“Зоти олийлари, Қозоғистондан даф бўлинг!” маъносида) деб ёзилган варақни ушлаб олганини кўриш мумкин.

Veritas kz инсон ҳуқуқлари гуруҳи полиция “хрен” сўзини (бу сўз ўзбекчага “ерқалампир” дея таржима қилинади) “беадаб сўз” деб ҳисоблаб, Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 434-моддаси 1-қисми билан иш очганини маълум қилган.

Кўкшетау полицияси вакиллари Озодлик қозоқ хизматининг изоҳ беришга оид сўровини жавобсиз қолдирган.

Путин ташрифининг илк куни Қозоғистон пойтахтидаги билбордлардан бирида “Ваше превосходительство, господин Владимир Путин, добро пожаловать в Астану!” (“Зоти олийлари, жаноб Владимир Путин, Остонага хуш келибсиз!”) деб ёзилган олқишлов жойлаштирилган эди. Путинга “Зоти олийлари” деб мурожаат қилингани Қозоғистондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг бир қисмини ғазаблантирган. Бунинг ортидан мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Россия президентининг сафари “давлат ташрифи” мақомига эга экани, олқишлов баннерлари ҳам расмий протоколга мувофиқ эканини билдирган.