Қозоғистон Қирғизистондан келишилган сув ҳажмининг ярминигина олмоқда

Қирғизистондаги Тўқтўғул сув омбори

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Қирғизистондан келадиган сувга қарам бўлгани учун бу йил сув тақчиллигига рўбарў бўлган. Бу ҳақда вилоят раҳбари Бердибек Сапарбаев Озодликнинг қозоқ хизматига билдирган.

“Биз сувни Ўртатўқай ва Киров сув омборларидан оламиз. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги келишувда кўрсатилган ҳажмдан фақат 50 фоизинигина оляпмиз. Ҳозир бу борада Қирғизистон вакиллари билан ишлаяпмиз. Яқинда делегация келиб кетди. Шу кунда сувни бизга бироз кўпроқ бера бошладилар, бироқ, афсуски, бу сув биз учун ҳозирча етарли эмас”, деган Сапарбаев.

Мулозимга кўра, бу ҳолат Қирғизистоннинг ўзида ҳам сув танқислиги кузатилаётгани, ҳаво ҳароратининг тоғлардаги музликларни эритиш учун етарли даража исимаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

“Шунинг учун ҳам биз ўз сув захираларимиздан (ерости ва ерусти сувларидан) самарали фойдаланишимиз, қўшимча ҳавзалар барпо қилишимиз керак. Даставвал улардан учта қурамиз, кейин эса улар сонини оширамиз. Шунингдек, биз қудуқларимиздаги носозликларни бартараф қилишимиз, кузгача кўлларни тўлдириб, булоқ сувларидан истеъфода этишимиз лозим. Ҳозир биз Қирғизистон сувларига 80 фоизга қараммиз. Шу кунда Чу ва Талас дарёлари ҳисобидан сувга бўлган эҳтиёжимизнининг 50 фоизинигина қондиряпмиз, холос”, дея қўшимча қилган Бердибек Сапарбаев.

Унга кўра, Жамбил вилоятидаги суғориладиган ерлар (тақрибан 200 минг гектар) учун сув эҳтиёжи 1,1 миллиард куб метрни ташкил қилади. Қозоғистон жануби ва жанубий-ғарбида бу йил кузатилаётган қурғоқчиликни эътиборга олган ҳолда Жамбил вилоятида деҳқон хўжаликларига сув навбат билан берилмоқда. Бу ҳолат айниқса Қирғизистон сувларига қарам бўлган уч туманга кўпроқ дахлдор.

Қирғизистонда бу йил сув захиралари танқислиги юзага келган. Тўқтўғул сув омборидаги сув ҳажми 10,8 миллиард куб метргача пасайган. Бу эса ўтган йилдаги сув ҳажми билан солиштирганда икки-уч миллиард кубга камдир.

Қирғизистон Энергетика ва саноат вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги бир неча йил ичида кузатилаётган сув тақчиллиги сув омборини тўлдиришда муаммоларни юзага келтирган, бунинг натижасида 2020/2021 йил қишидан резервуар минимал даражадаги (8,6 миллиард куб метр) сув ҳажми билан чиққан.