Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги 20 ноябрь куни “ноқонуний митингга чақиргани” учун қўлга олинган тўрт киши жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумот тарқатди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.
Вазирлик бу тўрт нафар шахсга қандай жазо берилганига аниқлик киритган эмас.
ИИВ қайдича, яна 15 кишига нисбатан тузилган маъмурий баённомалар судга йўлланган.
“Бу фуқаролар акцияларнинг ноқонунийлиги ва уларни тўхтатиш лозимлиги ҳақида маҳаллий ижроия органлари ва прокуратура идоралари томонидан бир неча бор огоҳлантирилганлар”, дея иддао қилинган вазирлик хабарномасида.
Натижаси аввалдан маълум экани кўпчилик томонидан айтилаётган президент сайлови куни Қозоғистонда мухолифат кайфиятидаги бир неча гуруҳ вакиллари қўлга олинган. 20 ноябрь куни пойтахт Остона ва қатор вилоятларда фаоллар қўлга олинган. Олмаотада қўлга олинганларнинг умумий сони эса 30 нафарга яқинлашган.