Биринчи июлга ўтар кечаси Қозоғистондан Қирғизистонга селдан жабр кўрган кишилар учун озиқ-овқат ва маиший ашёладан иборат инсонпарварлик ёрдами етказилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
Ўш вилоятининг Новқат туманида 28 июнь куни содир бўлган сел оқибатида 9 киши нобуд бўлган. Қурбонларнинг ҳаммаси битта оила аъзолари экани маълум. Табиий офат чоғида бедарак кетган яна бир киши қидирилмоқда. Сел тошқини туфайли туманда фавқулодда вазият тартиби эълон қилинган.
Қутқарувчилар 29 июнь куни тумандаги Абширота шаршараси яқинидаги Абширсой дам олиш масканидан 1300 дан зиёд кишини эвакуация қилишиб, яна 40 кишини Кезарт яйловидан олиб чиқиб кетишган.
Қирғизистон ФВВ селга тинимсиз ёққан жала, Абширота дарёси бўйлаб экилган дарахтлар ва дам олиш жойларининг палапартиш қурилгани сабаб бўлганини билдирган. Бундан ташқари, вазирлик қайдича, 30 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 20:30 ларда Ўш — Раззақов автойўлининг 65-километрида сел тошқини туфайли Найман кўприги қулаган. ФВВ бу ҳудудда сел оқибатларини бартараф қилиш бўйича иш олиб борилаётганини маълум қилган.
Қирғизистон президентининг Ўш вилояти бўйича ваколатхонаси кечаги ҳодисалар чоғида бирор киши жабрланмаганини билдирган.