Қозоғистон ширкати Humo’ни хусусийлаштириш жараёнида иштирок этмайди

Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Kaspi.kz технологик компанияси Ўзбекистоннинг Humo тўлов тизимини хусусийлаштириш жараёнида иштирок этмайдиган бўлди.

Биз бу жараёнда иштирок этишни давом эттирмасликка қарор қилдик... Биз Ўзбекистоннинг қизиқарли рақамли трансформациясида иштирок этиш учун имкониятларни излашни давом эттирамиз”, дейилган ширкат баёнотида.

Айни пайтда капиталлашуви тахминан 24 миллиард доллар деб баҳоланаётган Kaspi.kz компанияси жорий йил август ойида Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигига Humo’ни хусусийлаштиришдан манфаатдорлигини билдириб хат йўллаганди.

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ – банк тўлов карталарига асосланган Humo тўлов тизими Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Устав капитали 155,4 млрд сўмни ташкил этувчи тизим 27 миллиондан зиёд карта чиқарган, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан кўпроқ банкомат ўрнатган.

Айрим таҳлилчилар Қозоғистон ширкатининг бу тариқа “ўйиндан чиққани”ни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнига ишончсизлик ўлароқ талқин қилган.

Озодлик аввалроқ Ўзбекистонда хусусийлаштириш бўйича берилган кўплаб ваъдалар амалга ошмагани, жумладан, савдолар бўйича муддатлар ва йирик корхоналарнинг оммавий рўйхатлари доимий равишда ортга сурилганига эътибор қаратганди.