Қозоғистондаги Қарағанда фармацевтика мажмуаси базасида Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш бошланди.
Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, вакцина ишлаб чиқарилишига старт бериш учун бош вазир Асқар Мамин мажмуага ташриф буюрган.
Маминга кўра, Қозоғистонда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинаси билан оммавий эмлаш 2021 йил февралида бошланади.
“Биринчи галда ихтиёрий равишда тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, талабалар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, тиббий-ижтимоий муассасалар контингенти ҳамда сурункали касаллиги бўлиб, хатар гуруҳига кирган кишилар эмланади”, деган жумладан Қозоғистон бош вазири.
Қайд этилишича, Қарағанда фармацевтика мажмуаси базасида 2 миллион доза вакцина ишлаб чиқарилади.
Ноябрь ойи ўрталарида президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонда Россия вакцинасини ишлаб чиқарадиган завод қуриш бўйича президент Владимир Путин билан келишувга эришгани ҳақида билдирганди.
Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинаси шу йил 11 августида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатга олинган. Ўшанда унинг дунёда биринчи бўлиб рўйхатга олинган коронавирусга қарши вакцина экани айтилганди. Россия бевосита инвестициялар жамғармаси иддаосига кўра, “Спутник V” вакцинасининг самараси 95 фоиз юқорироқдир.
Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш бўйича 147 минг 236 та ҳолат қайд этилган. Айни пайтда мамлакатда (1 августдан буён) қарийб 44,5 мингдан зиёд кишининг коронавирус билан боғлиқ пневмонияга чалингани айтилган.