Қозоғистон “Толибон” режимини террорчилар рўйхатидан чиқарган. Бу ҳақда маълум қилган президент Қасим-Жомарт Тоқаев бу иш толиблар назорати остидаги Афғонистон ҳукумати билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун амалга оширилганини блилдирган.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида террор ташкилоти деб тан олинган “Толибон” Қозоғистон Олий судининг 2005 йил 15 мартидаги қарори билан террор ташкилоти деб топилган ҳамда мамлакат ҳудудида фаолияти тақиқланган эди.
Оқўрда матбуот хизматига кўра, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев КХШТ Парламент ассамблеяси кенгаши мажлиси иштирокчилари билан 3 июнь куни Олмаотада бўлиб ўтган учрашувда Афғонистондаги вазиятга тўхталган. Тоқаевга кўра, ҳозирда стратегик вазифалардан бири Афғонистонни минтақалараро алоқаларга фаол жалб қилиш бўлиш ҳисобланади.
“Замонавий Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳимлиги ва бу режим узоқ муддатли омил эканини англашдан келиб чиққан ҳолда, Қозоғистон толиблар режимини террор рўйхатидан чиқариб ташлади”, дея билдирган Тоқаев.
У Олмаота шаҳрида Марказий Осиё ва Афғонистон учун барқарор ривожланиш бўйича БМТнинг минтақавий марказини барпо қилиш бўйича Қозоғистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирган.
1996–2001 йиллар мобайнида Афғонистон назорат қилиб келган “Толибон” ҳаракати 2021 йил августида яна Кобулни эгаллаб, ҳокимият жиловини қўлга киритган эди. Кейинроқ қозоғистонлик мулозимлар толиблар билан алоқа ўрнатишган.
“Толибон”ни террор ташкилотлари рўйхатидан чиқариш нияти борлиги ҳақида Қозоғистон расмийлари ўтган йил декабрида эълон қилишган.
Учинчи июнь ҳолатига кўра, “Толибон” ҳали ҳам Қозоғистон ҳукумати сайтида ёйинланмиш тақиқланган ташкилотлар рўйхатида турибди.