Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси 22 ноябрь куни ўтган якшанбада бўлиб ўтган президент сайловининг якуний натижаларини эълон қилди. Халқаро кузатувчилар томонидан “рақобатсиз” деб танқид қилинаётган сайловда 81 фоиздан кўпроқ овоз билан амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаев ғалаба қозонгани билдирилган.
МСК раиси Нурлан Абдиров Тоқаевни қасамёдга келтириш маросими 26 ноябрь куни бўлиб ўтишини маълум қилган.
20 ноябрь куни ўтказилган сайловда сайловчиларнинг 5,8 фоизи “номзодларнинг ҳаммасига қарши” овоз берган. Сайловда амалдаги президентга рақиб сифатида қатнашган ва жамоатчиликка унча яхши таниш бўлмаган қолган беш нафар номзоднинг ҳар бири 2-3 фоиздан овоз йиғишган.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) президент сайлови “рақобатдан мосуво сиёсий вазиятда” ҳамда чинакам плюрализм йўқ бўлган бир шароитда бўлиб ўтганини қайд этган. Қозоғистон ТИВ бу хулосага муносабат билдираркан, ДИИҲБни “холис эмас”ликда айблаган.
Қозоғистонлик мустақил кузатувчилар ҳам овоз бериш куни ўнлаб қонунбузарлик қайд этилганини урғулашган. Бироқ МСК вакиллари буни рад этишиб, сайлов маҳаллий қонунчилик ва халқаро мажбуриятларга “қатъий риоя қилинган ҳолда” ўтказилганини иддао қилишган.