Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абиш Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасидан озод қилинди. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг бунга оид фармойиши 17 январь куни Оқўрда сайтида эълон қилинди.
Бу кўпчилик Тоқаев билан Назарбоевга яқин одамлар ўртасидаги элиталараро кураш деб ҳисоблаётган ушбу воқеалар манзарасида Қозоғистон МХҚда рўй берган навбатдаги шов-шувли ишдан олишдир.
8 январь куни МХҚ собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнатда гумонланиб, ҳибсга олингани хабар қилинган эди. 13 январь куни МХҚ матбуот хизмати унинг ҳокимиятни куч билан босиб олишда гумонланаётганини очиқлаган. Масимовнинг икки собиқ ўринбосари ҳам айни гумон билан қамоққа олинган.
43 ёшли Самат Абиш қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимини 2015 йилдан бери эгаллаб турган эди, унгача қарийб уч йил раис ўринбосари бўлган. Абиш 2000 йилдан бери миллий хавфсизлик тизимида ишлаган.
Карим Масимов қўлга олингани маълум бўлганидан сўнг маҳаллий ОАВлар ўз манбаларига таяниб, Самат Абиш ҳам ҳибсга олингани ҳақида хабар қилган, бироқ бу маълумот тасдиқланмаган. 14 январь куни МХҚ матбуот хизмати Самат Абиш 13 январдан меҳнат таътилига чиққанини билдирган.
Собиқ президентнинг укаси Сатибалди Назарбоевнинг ўғли бўлмиш Самат Абиш 2017 йилда амакиси – Нурсултон Назарбоев қўлидан генерал-лейтенант погонларини олган.