Қозоғистондаги тошқин чоғида одамларнинг бедарак йўқолиши ва ўлим ҳолатлари бўйича еттита жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Марат Кожаев маълум қилди.
“Ҳа, афсуски, бундай ҳолатлар бўлди ва ОАВда кенг муҳокама қилинди. Абай вилоятида икки киши йўқолган, Атирау вилоятида жасад парчалари топилган. Абай вилоятида қидирув тадбирлари давом этмоқда”, дея иқтибос келтирган ИИВ мулозими сўзларидан “Власть” нашри.
Кожаевга кўра, Атирау вилоятида тўрт киши, Туркистон вилоятида эса ёш бола чўкиб ўлган. У икки киши бедарак йўқолган Абай вилоятида қидирув ишлари давом этаётганини ҳам қўшимча қилган.
Orda.kz нашрининг ёзишича, вазир ўринбосари Абай вилоятининг Аягоз туманида сўнгги бор сув ўртасидаги тракторда кўрилган икки кишини ҳам тошқин қурбонлари қаторига қўшган.
Аввалроқ Атирау вилоятида тошқинлар чоғида тўрт киши нобуд бўлгани ҳақида расмий маълумот тарқатилган эди. 6 апрель куни Кулсари шаҳрида яшаган икки киши сув остида қолган уйларини кўриш учун тракторда йўлга чиқишгани, бироқ трактор йўл четидаги зовурга тушиб кетгани оқибатида ҳалок бўлишгани маълум бўлганди. Шунингдек, 6 апрель куни бир эркакнинг, 14 апрель куни эса унинг ўғлининг жасади топилган. Вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотига кўра, улар аввалроқ эвакуация қилинган, бироқ кейин мустақил равишда уйларини кўргани боришган эди.
Бундан ташқари, аввалроқ Ақтўбе вилоятининг Айтекебий туманидаги тошқинда 10 яшар бола чўкиб кетгани, Абай вилоятида эса тўрт киши бедарак кетгани хабар қилинган эди.