Январь воқеалари чоғида қўлга олинган олти маҳбус вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида вафот этган, дея маълум қилди Қозоғистон Бош прокуратураси махсус прокурорлар хизмати бошлиғи Ризабек Ожаров 23 февраль куни “Казахстанская правда” ҳукумат газетасида ёйинланган интервьюда.
Мулозимнинг айтишича, “куни кеча” суриштирувда рухсат этилмаган усуллар қўлланиши фактлари бўйича очилган жиноят ишлари юритувга қабул қилинган.
“Бизга оғир оқибатлар, аниқроғи, қўлга олинган шахсларнинг ўлимига олиб келган ҳолатларга доир ишлар берилди. Хусусан, Олмаота ҳибсхонасида икки, Шарқий Қозоғистон вилоятида уч нафар ва Толдиқўрғонда бир нафар маҳбус ана шундай шароитда нобуд бўлган. Шунингдек, Толдиқўрғонда бир маҳбус сўроқ чоғида қиздирилган дазмол билан қийноққа солингани бўйича очилган ишни ҳам биз юритяпмиз”, деган Ризабек Ожаров.
Унинг қўшимча қилишича, мазкур фактлар юзасидан тергов давом этмоқда ва “бунақа жиноятлар оммавий тус олган эмас”.
Ўтган ҳафтада Бош прокуратура “терговнинг ман этилган усуллари” ва қийноқлар важидан 363 та шикоят олганини маълум қилган эди. Ўшанда мазкур шикоятлар бўйича очилган 178 та иш аксилкоррупция хизмати юритувида бўлгани айтилган.
Қозоғистонда январь воқеалари чоғида ва ундан кейин минглаб одам қўлга олинган, юзлаб киши терроризм, оммавий тартибсизликлар, қуролларни талон-торож қилиш ва бошқа жиноятларда гумон қилиниб, қамоққа ташланган. Кўплаб маҳбуслар қамоқда қийноққа солинганидан арз қилганлар. Қийноқлар ҳақида очиқ гапирган бир собиқ маҳбус қайтадан ҳибсхонага тиқилган.
Расмий қайдларга кўра, январь воқеаларида камида 227 киши нобуд бўлган. Ҳукумат уларнинг исм-фамилиялари ва ўлими сабабларини очиқлашдан бош тортиб келмоқда.
Аввалроқ Қозоғистон расмийлари ҳуқуқбонларнинг январь воқеалари бўйича халқаро текширув ўтказиш чақириғини рад этишганди.