Қозоғистон Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларидан келганлар учун янги чекловлар жорий этмоқда

Олмаота аэропорти (архив сурати)

Қозоғистон расмийлари хорижликларнинг мамлакатга кириши ва юришига оид тартиб-қоидаларни кучайтиришди. Бош вазир Алихан Смаилов томонидан тасдиқланган ҳужжат ҳуқуқий ҳужжатлар сайтида чоп қилинган.

Янги тартибга мувофиқ, жорий йилнинг 27 январидан Евросиё иқтисодий иттифоқига кирувчи Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон фуқароларига Қозоғистонда ҳар ярим йилда 90 кунгина бўлишга рухсат этилади. Агар бу муддатдан ўтиб кетган бўлса, хорижга чиққан чет эллик Қозоғистонга қайтиб киролмайди. Янги тартиб Қозоғистонда вақтинча яшаш рухсатномаси олганларга тааллуқли бўлмайди.

Авваллари россияликлар ҳар уч ойда Қозоғистон чегарасидан ўтиб-қайтиш орқали Visa Run деб аталувчи имкониятдан фойдаланиб келишган. Бу ўтиб-қайтиш мамлакат ҳудудида легал юриш муддатини янгилаб олишга етарли бўлган.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан буён Қозоғистон ўз ватанини тарк этаётган россияликлар учун асосий йўналишлардан бирига айланган – бу мамлакатга айниқса Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан кейин юз минглаб россияликлар кириб келган.

Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, Путин томонидан мобилизация қарори эълон қилинган 21 сентябрдан кейин Ўзбекистонга қўшни бўлган бу республикага 400 минг россиялик кирган. Улардан 150 минг нафари мамлакат ҳудудида қолган, 250 минг нафари эса Ўзбекистон дохил бошқа мамлакатлар ҳудудига ўтиб кетишган.

Қозоғистонда қолган россияликлардан фақат 36 минг нафаригина вақтинча яшаш учун рухсатнома олган, холос.