Қозоғистоннинг Ақмола вилоятида 15 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 18 ларда йўлда тўхтаб қолган автобус ичида бўлган ўзбекистонлик 64 нафар йўловчи қутқарилган. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
ФВВ қайдича, “Жақси-Есиль-Бузилиқ” автойўлидан олиб кетилган ўзбекистонлик йўловчиларнинг 17 нафари болалар бўлган.
Ўзбекистонликлар Жақси қишлоғидаги 1-сонли ўрта мактабга эвакуация қилинган. Хабарномада йўловчилардан ҳеч бири тиббий ёрдамга муҳтож бўлмагани урғуланган.
Шунингдек, пайшанба куни кечки соат 21.05 ларда ҳам уч бола дохил 54 нафар ўзбекистонлик йўловчи исиниш пунктига эвакуация қилинган.
Хабарномаларда йўлда қолиб кетган ўзбекистонликларнинг қайси манзилни кўзлаб кетаётганига доир маълумот йўқ.
Об-ҳаво кўрсаткичларини акс эттирувчи сайтлар маълумотидан келиб чиқилса, кеча Ақмола вилоятида ҳаво ҳарорати кундузи -21 даражагача, кечаси эса -31 даражагача пасайган.