Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда АЭС қурилиши масаласига бағишланган референдум жорий йилнинг 6 октябрида ўтказилишини эълон қилди. Тоқаев референдум санасини 2 сентябрь куни Қозоғистон парламенти палаталарининг қўшма мажлиси пайтида очиқлаган, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.
“Биз ишончли ва экологик жиҳатдан тоза энергия манбаларига жуда муҳтожмиз. Шунинг учун ҳам, менинг фикримча, атом энергетикасини ривожлантиришга катта диққат-эътибор қаратиш зарур”, дея билдирган Тоқаев.
Қозоғистон президентига кўра, генерациянинг бу тури мамлакат иқтисодиётининг тез ўсиб бораётган эҳтиёжларини сезиларли даражада қондиришга қодир. Тоқаев ҳозирги кунда 30 та ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда умумий ҳисобда “200 чоғли” атом электр станцияси фаолият юритаётганини қўшимча қилган.
Қозоғистон президентининг парламент биносидаги “халққа мурожаати” душанба куни расмий ОАВлар томонидан жонли ёйинда намойиш қилинган. У АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказишга ҳукумат таклифини қўллаб-қувватлаши ва бунга оид тегишли фармонни “бугуноқ” имзолашини билдирган.
Аввалроқ Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум кузда ўтказилиши эълон қилинган, бироқ шу кунгача мазкур референдумни ўтказиш санаси очиқланмай келаётган эди.
Қозоғистоннинг атом электр станцияси қурилиши мумкинлиги айтилаётган Улкен қишлоғи дохил йигирма чоғли шаҳрида аввалроқ расмийлар томонидан АЭС қурилиши бўйича жамоатчилик тинглови шаклида учрашувлар ўтказилган. Бу учрашувларда соҳа вакиллари, жумладан замонавий реактор технологияларининг хавфсизлиги ҳақида сўзлашган.
Август ойида президент ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти АЭС қурилишига оид референдумда қозоғистонликларнинг “қарийб 60 фоизи” қатнашмоқчи эканига оид баёнот билан чиққан эди.