Қозоғистонда АЭС бўйича референдумга оид ҳукумат қарори чиқди

Иллюстратив сурат

Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев 27 август куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум уюштириш тўғрисидаги ҳукумат қарорини кун тартибига киритишни таклиф қилди.

Референдум воситасида қозоғистонликлар мамлакатимизнинг барқарор, самарали ва углеродсиз энергия манбасига асосланган келажаги ҳақида қарор қабул қилиш имкониятига эга бўладилар”, дея иқтибос келтирган вазир Саткалиев сўзларидан Озодликнинг қозоқ хизмати.

Қозоғистон расмийлари 2030 йилга бориб мамлакатда электр энергияси танқислиги юзага келиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

АЭС қурилиши фақат энергетика ва экология масалаларини ҳал қилибгина қолмай, илмий тадқиқотлар ва таълим дастурлари ривожи учун янги имкониятларни ҳам очади. Халқаро ҳамкорлар билан қўшма лойиҳалар Қозоғистонни нафақат уран қазиб олиш бўйича, балки атом соҳасидаги юқори технологик ечимлар бўйича ҳам дунё лидери ўлароқ янги даражага олиб чиқишда ёрдам беради. Тиббиёт ва нефть-газ соҳаси учун радиоизотоплар, ярим ўтказгичлар ва платалар ишлаб чиқариш шулар жумласидандир”, деган Саткалиев.

Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов мажлисда “кўп энергия талаб қилувчи” иқтисодиёт ривожи учун “айнан атом энергетикаси” асосга айланиши лозимлигини билдирган.

Ҳукумат мажлиси чоғида мазкур масала кўриб чиқилгани ортидан овоз бериш жараёни ўтказилган. “Тақдим этилган лойиҳа бир овоздан қўллаб-қувватланган”, дейилган Қозоғистон бош вазири сайтида.

Бош вазир Бектенов Энергетика вазирлиги ва ҳукумат аппаратига умумхалқ референдуми ўтказилиши тўғрисидаги фармон лойиҳасини президент маъмуриятига киритишни топширган.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев июнь ойида ОАВ ходимларини мукофотлаш маросимида Қозоғистонда АЭС қурилиши масаласи бўйича референдум шу йил кузида бўлиб ўтишини эълон қилган эди. “Референдумнинг аниқ санасини ҳукумат белгилайди”, деганди у.

Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши масаласи бўйича мамлакатдаги ўнлаб шаҳар ва аҳоли пунктларида “жамоатчилик тингловлари” ўтказилган бўлиб, уларда соҳа вакиллари, жумладан замонавий реактор технологияларининг хавфсизлиги ҳақида сўзлаганлар. Шу кунларда президент ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти (ҚСТИ) ҳали ўтказилиш санаси эълон қилинмаган референдумда қозоғистонликларнинг “қарийб 60 фоизи” қатнашмоқчи эканига оид баёнот билан чиққан.

Қозоғистонда АЭС қурилиши масаласи вақти-вақти билан 1990-йиллар охиридан буён кўтарилиб туради. АЭС қурилиши масаласи мамлакатда 2019 йили президент Тоқаев Москвага сафар қилгани ортидан тез-тез кўтариладиган бўлган.