“Қозоғистон темир жўли” миллий темирйўл ширкати яна учта йўналиш, яъни Остона — Семей, Ақтўбе — Олмаота, Олмаота — Чимкент йўналишлари бўйлаб “аёллар вагонлари” бўлган поездлар йўлга қўйилгани ҳақида маълумот тарқатди.
Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, шу тариқа ичида фақат аёллар ва болалар кетишига рухсат этилган вагонли поездлар сони 8 тадан 11 тага кўпайган. “Қозоғистон темир жўли” буни аёллар вагонларига талаб ошиб бораётгани билан изоҳлаган.
“Аёллар вагонларига чипталар фақат аёлларга сотилади, улар билан фақат 7 ёшгача бўлган ўғил болаларгина саёҳат қилиши мумкин”, дейилган хабарномада бундай вагонларда йўловчиларга хизмат кўрсатувчи ходимларнинг (проводникларнинг) ҳаммаси аёллар экани урғуланган.
Қозоғистонда поездлардаги аёллар вагонлари, “Қозоғистон темир жўли” ширкати қайдича, “саёҳат чоғида аёллар учун қулайликни ошириш мақсадида” 2021 йилдан бошлаб жорий қилинган. Бундай вагонларда сафар қилиш учун чипта нархи бошқа вагонлар учун сотилган чипта нархидан фарқ қилмайди.
Қозоғистонда аёлларга алоҳида вагонлар ажратилиши зарурлиги ҳақида илк бор 2018 йили “Тулпар-Тальго” поездида 35 ёшли йўловчи аёл икки проводник томонидан зўрланганидан кейин гапирила бошлаган. Ҳодиса ортидан судлаган бу икки шахс ўтган ойда озодликка чиққани маълум бўлган. Улар 2019 йили беш йилга қамалишган, фаоллар бу жазони ўта юмшоқ эканини айтишиб, судьяни истеъфога чиқишга чақиришган эди.
Жорий йилнинг май ойида “Қозоғистон темир жўли” мамлакатда аёллар вагонлари оммалашиб бораётгани ҳақида баёнот тарқатган. Ширкат маълумотига кўра, йил бошидан буён аёллар вагонида сафар хизматидан 70 мингга яқин аёл фойдаланган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўрсаткичдан икки баравар кўпдир.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қозоғистондаги поезд йўловчиси бўлган аёл ухлаб ётган пайтда унинг купесига номаълум эркак кириб, ўзини ўзи қондириш (мастурбация) билан шуғуллангани ҳақида айтиб бергани акс этган видео тарқалган. Кейинроқ “Қозоғистон темир жўли” ширкати йўловчи аёлнинг шилқимлик ҳолатига оид мурожаати юзасидан проводниклар томонидан полиция чақирилганини билдирган. Шилқимликда гумонланган эркак галдаги станцияда полиция ходимлари томонидан поезддан тушириб қолдирилган.