Қозоғистоннинг Манғистау вилояти маркази бўлмиш Ақтау яқинида йўловчи учоғи қулаб тушди. Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг қозоқ хизматига кўра, қулаган учоқ Бокудан Грознийга қатновни амалга ошираётган бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Грознийда қуюқ туман тушгани туфайли учоқ аввалига Маҳачқалъага, кейин эса Ақтауга йўналтирилган.
Ахборот агентликларининг хабар қилишларича, Azerbaijan Airlines авиаширкатига тегишли учоқ Каспий денгизи устидан учиб ўтаётган пайтда фавқулодда ҳолат сигналини берган.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учоқ қулаганини тасдиқлаган.
“Ақтауда учоқ қулаган жойга Қозоғистон ФВВга тегишли 11 та техника ва шахсий таркибдан 52 киши етиб борган. Улар етиб боришганда ҳаво кемаси ёнаётганини кўришган”, дейилган ФВВ хабарномасида.
Қутқарувчилар авиаҳалокат содир бўлган жойда ёнғинни ўчиришга киришишган.
Қозоғистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, қулаган учоқ бортида 37 нафар озарбайжонлик, 6 нафар қозоғистонлик, 3 нафар қирғизистонлик ва 16 нафар россиялик йўловчи бўлган.
Қозоғистон ФВВ қайдича, ҳодисадан сўнг йўловчилардан 25 нафари тирик қолган.
Қозоғистон Транспорт вазирлиги учоқ қулаши ҳодисаси юзасидан махсус текширув ўтказилишини маълум қилган.
“КазАэроНавигация” корхонаси тахминига кўра, авиаҳалокат учоқнинг қуш билан тўқнашгани ва руль бошқаруви бузилгани туфайли содир бўлган бўлиши мумкин.