Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев 7 декабрь куни “Қозоғистон мустақиллигига 30 йил тўлиши муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Ушбу қонун ижтимоий оғирлиги катта бўлмаган ва ўртача жиноятлар учун қамоқ жазосини ўтаётганларни муддатидан олдин озод этишни, шунингдек айрим оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича қамоқнинг ўталмаган муддатини қисқартиришни назарда тутади.
Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, асосий эътибор ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалар – фуқаролар ва давлат хавфсизлигига жиддий таҳдид солмайдиган ветеранлар, вояга етмаганлар, кексалар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига қаратилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, амнистияга 14 мингдан ортиқ одам тушади. Қамоқхоналардан мингга яқин киши озод этилади, 3.8 минг одам пробация хизмати ҳисобидан ўчирилади. Шунингдек, тахминан 9 минг маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилиши ва судгача иш юритувда бўлган 5 мингга яқин жиноят иши амнистияга кўра тугатилиши кутилмоқда.
Бугунги кунда Қозоғистондаги 64 та колония ва 16 та тергов ҳибсхонасида 34 мингдан ортиқ одам сақланмоқда. ИИВ статистикасига мувофиқ, 93 фоиз маҳкум оғир ва ўта оғир жиноятлар учун қамоқ жазосини ўтамоқда, улардан қарийб 45 фоизи муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, 32 мингдан ортиқ киши пробация хизмати рўйхатида туради.