Остонадаги жиноят ишлари бўйича туманлараро суд 2022 йил январь ойидаги воқеалар чоғида мансаб ваколати доирасидан четга чиққанликка (Қозоғистон Жиноят кодекси 362-моддасининг 4-қисми) оид иш бўйича мамлакат собиқ ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаевни шартли равишда беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар қилди.
Суд собиқ вазирга 10 йил давомида “муайян” лавозимларни эгаллашни ҳам тақиқлаган. Суд қарори билан мамлакат президенти номига Тургумбаевни махсус унвон ва давлат мукофотларида маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритилади.
Давлат қораловчиси суддан собиқ вазир учун беш йиллик қамоқ жазоси сўраган. Суд матбуот хизматига кўра, Тургумбаевга нисбатан айблов коррупцион жиноят аломатисиз билдирилгани учун суд жазони шартли деб ҳисоблаш қарорига келган.
“Айни пайтда суд судланган шахснинг ўз айбини бўйнига олгани, унинг чин дилдан пушаймон экани ва биринчи марта жиноят содир этаётганини ҳисобган олган”, дейилган суд хабарномасида.
Ерлан Тургумбаев 2024 йилнинг апрель ойи охирида қўлга олинган. Қозоғистон Бош прокуратураси ҳибс тафсилотларини очиқламай, бу ерда “давлат сирига алоқадор маълумотлар мавжуд”лиги, шунинг учун ҳам “судгача терговга оид бошқа маълумотлар ошкор қилинмаслиги”ни қайд этган. 2024 йил мартида терговчилар бу иш бўйича Тургумбаевнинг процессуал мақомига аниқлик киритмай, уни сўроққа чақиришган эди.
Куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан норозилик акциялари иштирокчиларига нисбатан зўравонлик ишлатилган январь воқеаларидан бир ой ўтиб, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Тургумбаевни ички ишлар вазири лавозимидан бўшатиб, ўзига маслаҳатчи этиб тайинлаган эди. 2023 йили у Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) маслаҳатчиси этиб тайинланган.
Қозоғистонда оммавий норозилик чиқишлари 2022 йилнинг 4 январида газ нархи ошишига қарши митингдан бошланиб, кейинроқ расмийлар истеъфоси талаб қилинган ва Назарбоев ҳайкаллари қулатилган оммавий намойишларга айланиб кетган. Намойишлар Олмаота, Қўстанай ва бошқа йирик шаҳарлардаги тартибсизликлар юзага келиши ҳамда мамлакатда интернет ўчирилиши ва КХШТ қўшинлари киритилиши билан еттинчи январга бориб тугаган эди.
Расмий маълумотларга кўра, январь норозиликлари ва тартибсизликлари чоғида 238 киши қурбон бўлган, улардан олти нафари қўлга олинганидан кейин қўлланилган қийноқ натижасида ўлган. Тартибсизликлар ортидан бир неча минг киши қўлга олинган, юзлаб одам ўзига нисбатан қийноқ қўлланилганини билдирган, бироқ аёвсиз муомалага оид шикоятлар бўйича қўзғатилган жиноят ишларининг кўпи кейинроқ ёпилиб кетган.