Қозоғистонда ўзбекистонлик жиянларини зўрлаганликда гумонланган амаки ушланди

Иллюстратив сурат

Қозоғистонда вояга етмаган ўзбекистонлик жиянларига жинсий зўравонлик ҳаракатларини содир этганликда гумонланган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Зўравон амакининг қўлга олинишига жорий йилнинг 6 июнида Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова номига 24 ёшли аёлдан келиб тушган мурожаат сабаб бўлган.

Мурожаатчи А.А. ота-онаси вафот этгани ортидан сингиллари — 17 ёшли И.А. ва 12 ёшли С.Р. амакиси Р.Р. нинг васийлигига берилгани, амаки эса қизларни Қозоғистондаги ўз яшаш манзилига олиб кетгани, ҳозирда у қизларга нисбатан “уятсиз бузуқ ҳаракатлар” содир этаётганини маълум қилган.

Аёл ўз сингилларига жинсий зўравонлик содир этаётган амакисига нисбатан қонуний чора кўришни ҳамда сингилларини Ўзбекистонга қайтариш ва энг яқин қариндош эканлиги сабабли қизларга қонуний вакил этиб тайинланишида амалий ёрдам сўраган”, дейилган хабарномада.

Мурожаат ортидан Болалар омбудсмани Ички ишлар вазирлигига ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулига сўров юборган, шу асосда 8 июнь куни И.А. ва С.Р. амакисининг уйидан полиция ва васийлик органи томонидан олиб кетилган ҳамда мураккаб ижтимоий вазиятларга тушиб қолган болаларни қўллаб-қувватлаш Олмаота шаҳри адаптация марказига жойлаштирилган.

Болалар омбудсмани айни пайтда қизларга барча зарурий ижтимоий-психологик кўмак кўрсатилаётганини билдирган.

Қайд этилишича, жиянларига жинсий зўравонлик қилганликда гумонланаётган Р. Р. Қозоғистон полицияси томонидан просессуал тартибда ушланган, унга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодекси 121-моддаси 3-1 қисми 1-банди (Жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан суд томонидан 17 июнь куни қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Хабарномада ҳозирда Болалар омбудсмани, ИИВ ва ТИВ томонидан вояга етмаган И.А. ва С.Р. ларга нисбатан васий тайинлаш ва уларни Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилаётгани қўшимча қилинган.