Қозоғистонда маст аҳволда машина бошқарган имом ишдан бўшатилди

Иллюстратив сурат

Қозоғистонда аввалроқ маст аҳволда машина бошқаргани учун ҳибсга олинган Қўстанай вилояти бош имоми Бахитбек Тажимбет ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлари диний идораси маълум қилди.

Тажимбек 23 июль тунида Бурабай қишлоғидаги “Регион 03” клуби ёнида қўлга олинган эди. Полиция унга нисбатан мамлакат Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 608-моддаси 1-қисми (“Маст аҳволда бўлган ҳайдовчи томонидан транспорт воситасининг бошқарилиши”) бўйича баённома тузган.

Гувоҳлик кўрсатмаси олиш пайтида имом фақат пиво ичганини айтган. Судда у айбини тан олган эмас ва қимиз ичганини билдирган. Суд уни 15 кунга қамаш ва етти йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси қонун ҳамда дин ходими ахлоқига оид қоидаларни бузган шахслар “диний соҳада ишлашга маънавий ҳуқуқи йўқ”лигини билдирган.

“Аллоҳ барчамизни ёмонликка етакловчи ва афсусга сабаб бўлувчи нафс истакларидан асрасин”, дейилган муфтият хабарномасида.

2023 йил сентябрида Қозоғистонда Олмаота вилояти Шелек қишлоғидаги “Ҳидоят” масжиди имоми ишдан бўшатилган эди. У намоз пайтида имом олдидан югуриб ўтган ёш боланинг бошига урган. Ўша пайтда муфтият имом ўз хатосини тан олиб, боланинг ота-онаси ва жамоатчиликдан узр сўраганини билдирганди.