Қозоғистонда Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари 18 йилга қамалди

Карим Масимов судидан лавҳа

Остона суди Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Карим Масимовни 2022 йил январида ҳокимиятни эгаллаб олишга уринганлик ва давлатга хиёнатга оид иш бўйича 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Қозоғистон ОАВ хабар қилди.

Суд Масимов мол-мулкини мусодара қилиб, давлат лавозимларини эгаллашни ҳам бир умрга тақиқлаб қўйган. Унинг уч нафар ўринбосари Масимовдан озроқ қамоқ муддати олган. Иш ёпиқ тартибда кўриб чиқилган.

Масимов 2022 йил январидаги оммавий норозилик чиқишлари ортидан ҳибсга олинган эди. Мазкур норозилик акциялари манзарасида Қозоғистоннинг қатор вилоятларида қуролли тартибсизликлар содир бўлган. У ҳукумат қўшинлари томонидан бостирилган тартибсизликлар туфайли жиноий жавобгарликка тортилган энг юқори лавозимли мулозим бўлди.

Масимов Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг энг яқин сафдоши ўлароқ кўриларди. Назарбоев даврида у мамлакат ҳукуматига раҳбарлик қилган ва президент маъмуриятини бошқарган.

Ўтган йилнинг январь ойида 200 дан зиёд одам ўлимига сабаб бўлган тартибсизликлар билан боғлиқ ҳолатларнинг кўпи ҳали ҳам ноаниқлигича қолмоқда. Фаол равишда муҳокама қилинаётган тахминлардан бири тартибсизликлардан Назарбоевнинг атрофида бўлган шахслар, шу жумладан Масимов ҳам манфаатдор бўлиши мумкинлигидир. Бу тахмин кучайишига биринчи президент атрофидаги кўплаб шахслар кейинроқ жиноий таъқибга учрагани ёки лавозимидан айрилгани ҳам сабаб бўлган.

Назарбоевнинг ўзи ҳам “миллат етакчиси” (Елбаси) мақоми дохил қатор имтиёзлардан маҳрум бўлган. Айни пайтда Қозоғистон расмийлари тартибсизлик учун масъулиятни расман қандайдир ташқи кучлар зиммасига юклаган.