Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида 1 июль куни шаҳар майдонидаги стихияли митингдан сўнг ўнлаб киши ушланди. Уларнинг аксарияти сўроқдан кейин озод қилинган. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати Атирау вилояти полициясидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Полиция маълумотига кўра, жума куни Атираудаги майдонда 75 чоғли одам рухсат этилмаган митинг ўтказган.
“Кўпчилиги қўлга олиниб, сўроқ қилингач, қўйиб юборилди. Ҳозирда “Мигрант” тезкор-профилактика тадбири ўтказилмоқда, ушланганлар орасида Атирау вилоятида ҳужжатсиз, ноқонуний бўлиб турганлар бор эди. Уларга маъмурий жарима қўлланди. Айримлари суд қарорини кутишмоқда”, дея маълум қилган Озодликка департамент матбуот хизмати.
Полиция қайдича, қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқароларидан ташқари бошқа чет элликлар ҳам бўлган.
Қорақалпоғистон Республикаси маркази Нукус шаҳрида 1 июль Ўзбекистон Конституциясига киритилажак ўзгартишларга қарши оммавий митинг бўлиб ўтгани ҳақида аввалроқ хабар қилинган эди. Нукусда тасвирга олингани айтилаётган видеоларда майдонда тўпланган минглар одамлар “Даулет!” дея хитоб қилаётгани акс этган. Хорижда истиқомат қилувчи қорақалпоқларга кўра, митингчилар аҳолини 5 июль куни тинч митингга чиқишга даъват қилган Даулетмурат Тажимуратовни озод этишни талаб қилганлар.
Ўзбекистон ИИВ “жамоат тартиби бузилишига йўл қўймаслик ва фуқаролар турли ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олиш мақсадида” митингчиларга куч ишлатганини тан олган.
Эртасига Қорақалпоғистон ҳукумати “давлат бошқаруви идораларини босиб олишга уринишлар” бўлгани ҳақида маълум қилган. Республика олий вакиллик органи, ҳукумати ҳамда ИИВнинг 2 июлдаги қўшма баёнотида “тартибсизлик ташкилотчилари” одамларни Нукусдаги маъмурий бинолар олдидаги майдонга тўплаб, “ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқариш, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга урингани” ҳақида гап боради. Баёнотга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари “тартибсизлик ташаббускорларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларини тўхтатган” ва қаршилик кўрсатганларни қўлга олган.
Норозилик манзарасида Ўзбекистон Қозоғистоннинг Мангистау вилояти билан чегарани ёпган. Бу расман ахборот тизими ишдан чиққанлиги билан изоҳланмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ҳудудида 2022 йил 3 июлидан 2 августигача фавқулодда ҳолат жорий этган. Президент фуқаролар хавфсизлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқ-тартиботни тиклаш шуни тақазо этишини айтган.