Қозоғистондаги суд Россия сўровига кўра Қирғизистон фуқароси бўлган 29 ёшли Алина Горшенинани ҳибсга олган. Rusnews хабарига кўра, у суддаги таҳдид ёки зўравонликка оид жиноят иши бўйича қидирувда бўлган.
Горшенина Москва вилоят суди судьяси Елена Морозова ва прокурор Елена Колосковага таҳдид қилганликда айбланмоқда. 2021 йилнинг 18 январида - Алексей Навальний “Новичок” билан заҳарлангани ортидан Германияда даволаниб, Россияга қайтганининг эртасига Морозова чиқарган қарор асосида ҳибсга олинган эди. Колоскова ўша суд мажлисида иштирок этган.
Ҳибсга олинган аёлнинг онаси Лариса Горшенина ўз қизига 2023 йили Москва вилоятида судьяга ҳужум қилганлик айблови ҳам юкланаётганини иддао қилмоқда. Унинг айтишича, ўша куни Алина Горшенина Қирғизистондаги Иссиқкўл кўлида бўлган, Россияга эса сўнгги маротаба олти йил аввал борган.
Алина Горшенина Қирғизистон билан Қозоғистон чегарасида 1 июнь куни қўлга олинган. Унинг онаси Лариса “Новости Бишкека” нашрига қизи билан Олмаотага икки кун дам олиб келиш учун йўл олишганини айтган. Онага кўра, Қозоғистондаги суд Горшенинани Россияга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарган. Бу орада Rusnews уни 40 кунга ҳибсга олиш ҳақидагина қарор чиқарилгани, экстрадиция масаласи эса ҳамон муҳокама қилинаётгани ҳақида ёзган, дея қайд этди Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси.
“Медиазона” нашрининг аниқлашича, Горшенинанинг исми ИИВ қидирув базасида йўқ деганда 2023 йил 27 декабрида пайдо бўлган. Rusnews маълумотига кўра, унга қарши иш ўша йилнинг июнь ойида қўзғатилган. Горшенинанинг онасига кўра, суд материалларидан келиб чиқилса, Россияда ҳокимият вакилларига таҳдидлар аниқланмаган рақамлардан келиб тушган. Терговчилар нима учун бу аниқланмаган рақамлар Алина Горшенинага дахлдор, дея қарорга келгани номаълум.
Алина Горшенина фарзандини ёлғиз ўзи тарбия қилаётган она бўлиб, унинг бош миясида ўсимта бор, буйрагида муаммолар ва гипертонияси ҳам бор, дея иддао қилмоқда унинг онаси.