Қозоғистонда 29 апрель куни собиқ ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев қўлга олинган. Бу ҳақда 30 апрель куни Қозоғистон Бош прокуратураси маълумот тарқатди.
Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, Собиқ вазир ҳокимият ва хизмат ваколатларидан четга чиққанликда айбланмоқда.
“Жиноят ишида давлат сири бўлган маълумотлар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда судгача терговга оид бошқа маълумотлар оммага ошкор қилинмайди”, дейилган Бош прокуратура матбуот хизмати хабарномасида.
Ерлан Тургумбаев қўлга олингани ҳақида 29 апрель оқшомидан маҳаллий ахборот агентликлари ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қила бошлаган.
Март ойида Бош прокуратура 2022 йил Январь воқеалари чоғида ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминламаганлик, шунингдек, фуқароларга нисбатан қийноқ қўллаганлик бўйича куч ишлатар идоралар ходимларига нисбатан тергов давом этаётганини маълум қилган. Ўшанда БП Тургумбаев ўтказилаётган терговлар доирасида сўроқ қилинганини билдирган.
61 ёшли Ерлан Тургумбаев 2022 йил 11 январида очиқланган ҳукуматнинг янги таркибида вазирлик курсисини сақлаб қолган эди. Ўша йил 25 февралида президент Қасим-Жомарт Тоқаев уни лавозимидан озод қилган. Кейинроқ собиқ вазир бир неча ой президент маслаҳатчиси лавозимида ишлаган, 2023 йилда эса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) маслаҳатчиси этиб тайинланган.
2022 йилдаги Январь воқеаларидан кейин Қозоғистонда ёпиқ судлар натижасида Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Карим Масимов, унинг бир неча ўринбосари ҳамда собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов давлатга хиёнатда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган эдилар. Бектановнинг ўрнига ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари — Миллий гвардия ва ИИВ ички қўшинлари қўмондони Руслан Жақсилиқов тайинланган.