Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Сарань шаҳрида суд танк ҳайкалига Z белгисини ёзиб қўйган маҳаллий фуқарони етти суткага ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.
Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, шахси очиқланмаётган саранлик киши майда безориликда айбланган. Суд матбуот хизмати қайдича, 54 ёшли эркак ўзига қўйилган айбловни тан олиб, қилган ишидан афсусда эканини айтган.
Z ҳарфи Россия томонидан Украинага уюштирилган босқиннинг норасмий рамзи бўлиб ҳисобланади. Бу белгидан урушни дастаклаш учун ўтказилган акцияларда кўп бора фойдаланилган. Z ҳарфи Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кирганига қарши чиққанларнинг хонадонлари эшикларига чизиб кетилган.
Қозоғистонда Z белгиси Украинадаги жанговар ҳаракатларни дастаклаш рамзи сифатида расман тақиқланган эмас. Бироқ бу белги ёпиштирилган автомобиль эгалари транспорт воситалари эксплуатацияси қоидаларини бузганлик моддаси бўйича жаримага тортилган.