Ўзбекистонлик Илдар Бикчуркин Қозоғистонда ҳибсга олинди. Бу воқеа “Настояшчее время” телеканалида Бикчуркин тақдирига оид лавҳа намойиш этилганидан икки кун ўтиб содир бўлган.
Бикчуркин чегара хизмати ходимлари унинг паспортини тортиб олишгани, у Қозоғистонга пулсиз яшашга мажбур бўлаётгани ва ватанига қайта олмаётгани ҳақида маълум қилган эди.
20 декабрь куни Илдар “Настояшчее время” мухбирига Адилет Салимов исмли терговчи уни Остонадан Павлодарга чақирганини айтган эди. Бу суҳбат ҳибсга олиш билан тугаган.
Кейинроқ Бикчуркин икки суткалик маъмурий қамоқдан сўнг судлаш учун Павлодар вилоятидаги Иртишск туманига йўллангани маълум бўлган. Бикчуркинга кўра, чегарачиларга уларнинг муассасаси телелавҳада эслатилгани “ҳечам ёқмаган”: “Менга: “Сени деб биз жабр кўрдик”, дейишди. Терговчи: “Сени деб дакки едим, раҳбариятим ҳам”, деди".
Ўзбекистон фуқароси бўлган Илдар Бикчуркин бир йилдан буён Қозоғистонда паспортсиз яшамоқда. Унинг ҳужжатлари Бикчуркин 2023 йил кузида Қозоғистондан Россиянинг Омск шаҳрига айланма йўллар орқали йўл олган пайтида қозоғистонлик чегарачилар томонидан олиб қўйилган. Россияда ноқонуний мигрант россиялик куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган.
Бироқ Илдар ватанига кетиш ўрнига Қозоғистонга кирганидан кейин қозоғистонлик чегарачилар олдига бориб, паспортида чиқиш штамписиз нима қилиши кераклигини сўраган. Бу сўзлардан кейин ўзбекистонлик йигит ўтиш пунктининг ўзида қўлга олинган. Унинг паспорти олиб қўйилган (чегарачиларга кўра, суд бўлиб ўтгунига қадар) ва у чегарадан ноқонуний ўтганликда айбланган. Бироқ унинг иши бўйича суд ҳали ҳам бўлиб ўтган эмас.
“Ўшандан буён сарсон-саргардон юрибман. Ҳеч қаерга расман ишга жойлаша олмайман, чунки ҳужжатларим йўқ, бирон жойга рўйхатга ҳам қўйишмайди. Аросатдаман. Худди асирликда юргандайман”, деган Бикчуркин.